Бугунги сармоя эртанги иқтисодиётнинг мустаҳкам пойдевори
Бугунги кунда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда инвестиция лойиҳаларининг аниқ натижага йўналтирилгани, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш долзарб вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Шу мақсадда Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев, Бош прокурор ўринбосари Дилмурод Қосимов ҳамда мутасаддилар Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларида бўлиб, амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини ўрганди.
Асосий эътибор инвестицияларни ўзлаштириш самарадорлиги, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги қувватларни ишга тушириш ва аҳоли учун муносиб иш ўринлари яратиш масалаларига қаратилди. Хусусан, Ўрта Чирчиқ туманидаги “Саидовул” кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишилди.

Бу ерда “Chemplant” корхонаси томонидан замонавий бўёқ ва қоплама материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратилган лойиҳа шулардан биридир. Унинг амалга оширилиши нафақат янги ишлаб чиқариш қувватини яратиш, балки ички бозорни сифатли маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш имконини ҳам кенгайтиради. Мутасаддилар корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти, технологик имкониятлари, янги иш ўринлари яратиш режалари билан танишиб, иш жараёнларида замонавий ва экологик хавфсиз технологиялардан фойдаланиш масалаларига эътибор қаратди.
Юқори Чирчиқ туманида эса “Orbis Estate” корхонаси томонидан хорижий маблағлар асосида амалга оширилаётган лойиҳа ҳолати ўрганилди. Бу ерда ишларни белгиланган муддатларда якунлаш, инвестиция лойиҳасининг истиқболдаги кўрсаткичларини таъминлаш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича режалар муҳокама қилинди. “Humo Savdo Plus” корхонаси фаолиятида ҳам ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Корхонада гофрланган қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ички бозор эҳтиёжини маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига қондириш ва экспорт кўламини кенгайтириш имкониятлари таҳлил қилинди.

Ўрганишлар давомида инвестиция лойиҳаларини фақат қоғоздаги кўрсаткичлар билан эмас, балки уларнинг амалдаги натижаси, яъни ишлаб чиқариш ҳажми, яратилган иш ўринлари, маҳаллийлаштириш ва экспорт салоҳияти орқали баҳолаш зарурлиги таъкидланди. Аниқланган масалаларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, лойиҳаларни белгиланган муддатларда ишга тушириш ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Зеро, бугунги инвестиция эртанги ишлаб чиқариш, янги иш ўрни ва ҳудуд иқтисодиётининг янада мустаҳкам пойдеворидир.
А.Мусаев, ЎзА