Бугун Озарбайжонда миллий матбуот куни
Мирзо Фатали Охундзода номидаги Озарбайжон Миллий кутубхонаси томонидан "22 июль – Миллий матбуот куни" виртуал кўргазмаси ташкил этилди.
“АзерТАЖ”га га маълум қилишларича, кўргазмада миллий матбуот ривожига оид расмий ҳужжатлар, таниқли шахсларнинг муассаса ҳақидаги фикрлари, мамлакат журналистикаси тарихига оид фотосуратлар, китоблар ва мақолалар ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, бундан 147 йил муқаддам - 1875 йил 22 июлда ўз даври маърифатпарварлик ҳаракатининг кўзга кўринган намояндаларидан бири Ҳасан бей Зардобий асос солган “Екинчи” газетасининг биринчи сони нашр этилган эди.
Шу тариқа миллий маърифатчилик асоси яратилиб, Озарбайжонда матбуот ташкил этилган. “Екинчи” озарбайжон тилидаги чинакам демократик ва халқ матбуотига асос солди. Бор-йўғи 56 сони нашр этилган газета халқ кўзгусига, журналистика байроқдорига айланди...
Оммавий ахборот воситалари табиатан жамият кўзгуси, жамоатчилик онги ва маънавияти кўзгусидир. Шу нуқтаи назардан Озарбайжон миллий матбуоти ҳам ташкил этилган дастлабки кунларданоқ миллий-маънавий қадриятларнинг ташувчиси, фаол тарғиботчиси ва ҳимоячисидек масъулиятли миссияни бажариб келмоқда.
Президент Илҳом Алиев Озарбайжон ОАВ вакилларига мурожаат йўллаб, уларни касб байрами билан қутлади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА