Бу масканнинг номи – МЕҲР
Фарғона шаҳридаги пештоқига “Bolalar ”Muruvvat uyi” дея ёзилган маскан чинакам меҳр ошиёни эканлигини бу ердаги қайноқ жараён билан танишган киши дарров ҳис этади.
Ўксик дилларга таскин бўлиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Айниқса, ногиронлиги бўлганлар болаларни парваришлаш, ғамхўрлик қилиш жуда оғир иш. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг Фарғона “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйида меҳнат қилаётган ходимлар ана шундай масъулиятли вазифани сидқидилдан бажариб келмоқда.
-Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 15 октябрда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун имзолангани муҳим воқеа бўлди, -дейди интернат директори Абдуғани Турдибоев.- Қонун билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари белгилаб берилди. Бизнинг муассасамизда ҳам мазкур йўналишда кўп ишлар қилинмоқда. Бу ерда 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган 141 нафар ногиронлиги бўлган болалар тарбияланмоқда, Уларни ҳар бирининг дунёси ўзгача. Юзидан, кўзидан, имо-ишорасидан фикрини уқиб олиш керак. Болалар меҳрга чанқоқ. Тарбиячиларимиз буни уддасидан чиқиб, уларга дўст тутинган. Асосийси, меҳр улаша оляпти. Биз болаларга ўзини тутишни, ўз-ўзига хизмат кўрсатишни ҳам ўргатамиз. Соғлигини мустаҳкамлаш борасида турли муолажалар олиб борилади.
Бу ерда имконияти чеклангани учун соғлом болалар каби сўзлаш, ёзиш, ҳаракатланиш каби кўникмаларни етарли ўзлаштира олмайдиган болаларнинг тиббий, ижтимоий муҳофазаси учун барча шароитлар яратилган. Жамоанинг фидойи меҳнатлари самараси ўлароқ, ҳар йили ўнлаб болаларда ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. “Соло-степ” мосламаси, соллюкс, куф, электрофорез, парафин, дилфин, зинда, УВЧ сингари тиббий ускуналардан болалар саломатлигини яхшилаш мақсадида кенг фойдаланилмоқда. 6 нафар шифокорларнинг фаолият олиб бораётгани бунда муҳим самара беряпти.
Интернат уйида республикада биринчи бўлиб ногиронлиги бўлган болаларни кундузги парваришлаш бўлими ташкил этилди. 9 нафар имконияти чекланган ўғил-қизлар ўз оиласидан ажралмаган ҳолда “Мурувват” уйи меҳридан баҳраманд бўлаётир.
Ҳар бири алоҳида эътибор ва меҳр остида улғаяётган кичик юракларнинг ҳаётсеварлиги, интилувчанлигига қойил қоласиз. Қўлидаги мўйқалам билан она Ватан, тиниқ осмон, кўкка парвоз қилаётган озод қушлар тасвирини чизаётган Зилолахон Ғиёсова, рақс ва югуриш спорти ишқибози Ортиқжон Кимсанов, Умидахон Топволидиева, шахматда тенгдошларини ортда қолдираётган Шоҳсанам Рўзалиева сингари иқтидорли тарбияланувчилар “Мурувват” уйлари болалари ўртасида ўтказиладиган республика паралимпия ўйинлари, турли кўрик-танловлар ғолиблигини қўлга киритишмоқда. Бу ғалабалар уларнинг мунглиғ нигоҳларида сўнмас ҳаёт шавқи порлаб турганини англатади. Тарбияланувчилар “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз!” дея турли таълим муассасаларида маданий дастурларни намойиш этиб келаётганлари ҳам болалардаги шижоат, фаол ҳаётга интилишнинг ифодасидир.
-Ҳасанбой Дўстматовга ўхшаган боксчи бўламан, -дейди унинг адаши Ҳасанбой.
Гарчи бир жойга михланган бўлиб, нигоҳлари шифт қадалсада, у ҳаёт учун курашмоқда. Шеърлар ўрганяпти, ўзи билганларини тенгдошларига ҳам раво кўришни билади.
Тарбиячи Гулнора Абдуллаеванинг бу даргоҳда иш бошлаганига 13 йилдан ошди. Дастлаб кўникиш жуда қийин бўлганди. Ҳаракатсиз, ярим жон болаларнинг кўзларига боқиш қалбини ларзага солди. Кейинчалик уларга меҳр улашди, ўз фарзандидек яхши кўрди. Ўз касбининг устаси сифатида ҳурмат-эътибор топа олди. Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Президентимизнинг фармонига кўра, у “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Бу жамоа учун ҳам катта эътироф бўлди.
Бугун бу масканда катта шодиёна. Чунки болажонлар байрамларни интиқлик билан кутишади.Халқаро ногиронлар кунига ҳам катта тайёргарлик кўришган. Саховатпеша инсонлар улар холидан хабар олади. Яхшиямки, дунёда Меҳр деган буюк туйғу бор!
[gallery-251]
Маъсуджон Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА