Британия глобал хавфсизлик учун 30 давлатни саммитга чорламоқда
Яқин Шарқда юзага келган кескин вазият туфайли стратегик аҳамиятга эга Ҳурмуз бўғози ёпилиб қолди. Ушбу йўлакни қайта очиш ва ҳудудда хавфсизликни ўрнатиш мақсадида Буюк Британия халқаро ташаббус билан чиқди. BBC маълумотига кўра, Қироллик ҳукумати қарийб 30 давлат иштирокида виртуал саммит ўтказмоқчи.
Анжуманда асосий эътибор бўғоз орқали савдо кемалари хавфсиз ҳаракатини таъминлаш учун дипломатик ва сиёсий ечим топишга қаратилади. Британия ташқи ишлар вазири Иветт Купер раислик қиладиган саммитда Форс кўрфази мамлакатлари, Франция, Германия, Япония ва Австралия иштирок этиши кутиляпти. Дональд Трамп бошчилигидаги АҚШ мулоқотда қатнашмаслиги эҳтимоли юқори.
Минтақадаги кескинлик Эроннинг АҚШ ва Исроил ҳаракатига жавобан савдо кемаларига ҳужум қилиши ортидан кучайди. Бу ҳолат жаҳон бозорида энергия таъминотига жиддий таъсир кўрсатиб, "Brent" русумли нефть нархи бир баррель учун 100 доллардан ошиб кетди. Шунингдек, дунё нефть ва газ захирасининг қарийб 20 фоизи ўтадиган ушбу муҳим йўлак хавф остида қолди.
Трамп бошқа давлатларни қатъият кўрсатишга чақириб, ҳар бир мамлакат ўз энергия хавфсизлиги учун мустақил чора кўриши кераклигини таъкидлади. Бош вазир Кир Стармер эса вазиятни юмшатиш учун барча дипломатик воситалар ишга солинаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳарбий ҳаракат тўхтагач, Ҳурмуз бўғозини доимий равишда очиқ ва хавфсиз сақлаш Британия учун устувор вазифа бўлиб қолади.
Умуман, мазкур саммит жаҳон иқтисодиёти учун ҳаётий аҳамиятга эга сув йўлини тиклаш ва эҳтимолий энергия инқирозининг олдини олиш йўлида муҳим қадам ўлароқ баҳоланяпти.
Ф. Яхшибоева, ЎзА