Божхонада “полиэтилен” деганлари, полистирол бўлиб чиқди
Ташқи савдо операцияларида ҳар бир рақам, ҳар бир ҳужжат ва ҳар бир товар номи муҳим. Чунки декларацияда кўрсатилган биргина маълумотнинг ўзгариши давлат бюджетига тушадиган божхона тўловларига бевосита таъсир қилиши мумкин.
Божхона органларининг асосий вазифаларидан бири ҳам шу — мамлакатга кириб келаётган товарларнинг қонунийлиги, уларнинг ҳужжатларда тўғри акс эттирилгани ва белгиланган тўловларнинг тўлиқ ундирилишини таъминлаш.
Афсуски, айрим ҳолатларда божхона тўловларини камайтириш ёки уларни четлаб ўтиш мақсадида товар номи ва Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси — ТIF TN кодини атайлаб бошқача кўрсатишга уринишлар учраб турибди. Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” чегара божхона постида аниқланган навбатдаги ҳолат ҳам бунга мисол бўла олади.
Хорижий давлатдан импорт тартибида олиб кирилган навбатдаги юкни расмийлаштириш жараёнида божхона инспекторларида ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар билан амалдаги товар ўртасида номутаносиблик бўлиши мумкинлиги ҳақида шубҳа пайдо бўлди. Шундан сўнг юк белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Кўрик натижаси эса дастлабки шубҳаларни тасдиқлади: кузатув ҳужжатларида “полиэтилен” деб кўрсатилган хомашё амалда “полистирол” экани аниқланди. Бир қарашда, бу икки ном ўртасидаги фарқ оддий терминологик тафовутдек кўриниши мумкин. Аммо ташқи иқтисодий фаолиятда бундай “майда” фарқ катта молиявий оқибатларга олиб келиши эҳтимоли бор.
Полиэтилен ва полистирол — саноатда кенг қўлланиладиган полимер материаллар бўлса-да, уларнинг хусусиятлари ва қўлланиш усуллари бир-биридан фарқ қилади.

Полиэтилендан асосан эгилувчан, чўзилувчан ва нисбатан юмшоқ маҳсулотлар — турли пакетлар, плёнкалар, идишлар ва бошқа буюмлар ишлаб чиқарилади. Полистирол эса кўпроқ пенопласт, бир марталик идишлар, стаканлар, турли қоплама ва қадоқлаш материаллари ишлаб чиқаришда қўлланилади.
Демак, гап шунчаки товар номидаги бир ҳарф ёки атаманинг фарқида эмас. Товарнинг аниқ тури унинг таснифи, ТIF TN коди ва тегишли божхона тўловларини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўтказилган назорат тадбирлари натижасида товар номи ва ТIF TN кодини ўзгартириб кўрсатиш орқали 45,6 миллион сўм миқдоридаги божхона тўловларини четлаб ўтишга уриниш аниқланди.
Бироқ бу уринишнинг натижаси кутилганидан мутлақо бошқача бўлди. Қарийб 495 миллион сўмлик товар белгиланган тартибда вақтинча сақловга олинди.
Бу ҳолат яна бир ҳақиқатни кўрсатади: божхонада ҳужжатдаги маълумот билан юкнинг ҳақиқий ҳолати ўртасидаги ҳар қандай тафовут эътибордан четда қолмайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири