Божхоначилар томонидан гиёҳвандлик воситалари аниқланди
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда “Қорақалпоғистон” темир йўл бекатига кириб келган юк поезди божхона кўригидан ўтказилганда, цистерна вагонининг ташқи қисмидаги рама ичига қоғоз ва қора лента билан ўралган ҳолда яширинган ўткир ҳидли модда аниқланди.
Экспертиза хулосасига кўра, ушбу модданинг соф оғирлиги 28,54 грамм қуритилган марихуана эканлиги тасдиқланди.
Шунингдек, “Довут ота” чегара божхона пости орқали мамлакатимиз ҳудудига кириб келган “Volvo” русумли юк автомашинаси божхона назоратидан ўтказилганда, транспорт воситаси салонидаги жавонда яширилган полимер пакетда гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда борлиги аниқланди.

Экспертиза натижаларига кўра, ушбу модданинг соф оғирлиги 1,94 грамм қуритилган кўкнори сомони эканлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирги вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири