Божхона тўловидан қочганлар фош этилди
Салкам 5,1 млрд сўмлик божхона тўловидан қочишга бўлган уриниш фош этилди.
Хоразм вилоятида фаолият юритаётган корхоналардан бири томонидан хориждан олиб келинган “юк машинаси учун эҳтиёт қисмлар” товарларига нисбатан тақдим этилган божхона юк декларацияси ҳамда унга илова қилинган ҳужжатлар вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан атрофлича ўрганилди.

Тайинланган экспертиза хулосасига кўра, мазкур товарларнинг ТИФ ТН коди нотўғри таснифлангани аниқланди. Аслида ушбу маҳсулотлар “юк машинаси учун эҳтиёт қисмлар” эмас, балки бўлакларга ажратилган ҳолда олиб кирилган бир нечта тўлиқ юк транспорт воситалари экани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан корхона томонидан божхона органлари ходимларининг расмийлаштирув билан боғлиқ ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш ҳақида киритилган ариза қуйи инстанция судлари ҳамда Олий суд томонидан кўриб чиқилиб, божхона органлари томонидан мазкур товарларнинг ТИФ ТН коди тўғри таснифланганлиги тасдиқланди.
Натижада, корхонага нисбатан салкам 5,1 миллиард сўм миқдорида қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
А.Шокиров, ЎзА