Боёвутлик Бектош «Мард ўғлон» давлат мукофотига сазовор бўлди
Жасорат бир кунда шаклланмайди. У оилада сингдирилган тарбия, ҳаёт синовлари, меҳнатсеварлик ва Ватанга муҳаббат туйғуси билан йиллар давомида сайқал топади. Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида улғайган кичик сержант Бектош Мусурмонқуловнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига мувофиқ «Мард ўғлон» давлат мукофотига сазовор бўлиши ана шу ҳаётий ҳақиқатнинг ёрқин тасдиғидир.
30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан мамлакатимиз тараққиёти, юрт хавфсизлиги ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида юксак натижаларга эришган бир гуруҳ фаол ёшлар давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Махсус операциялар кучлари қўмондонлиги таркибидаги ҳарбий қисмнинг тоғ-ишғол гуруҳи мутахассиси, кичик сержант Бектош Мусурмонқуловнинг ҳам борлиги сирдарёликлар учун алоҳида фахр бағишлади.
«Мард ўғлон» давлат мукофоти билимли, ташаббускор, жасур, фидойи ва юксак фуқаролик позициясига эга, меҳнати ва ибратли фаолияти билан тенгдошларига намуна бўлаётган ёшларга берилади. Бу юксак эътироф нафақат эришилган ютуқлар, балки давлатнинг ёшларга бўлган ишончи ва эътиборининг ҳам ифодасидир.
Бектош Мусурмонқулов 1998 йил Боёвут туманидаги Бобоюрт қишлоғида меҳнатсевар оилада туғилди. Отаси Қодирберди Мусурмонқулов узоқ йиллар деҳқончилик қилиб, фарзандларини ҳалол меҳнат, камтарлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялади. Онаси Шарофат Йўлчиева эса фарзанд тарбиясини ҳаётининг мазмунига айлантирган фидойи аёллардан.

Бу хонадонда Ватанга муҳаббат, меҳнатга ҳурмат ва элга садоқат энг олий қадрият сифатида шаклланган. Катта акаси Умиджоннинг ҳам ҳарбий хизматни танлагани бу қадриятларнинг амалдаги ифодасидир.
Бектош ёшлигидан босиқ, интизомли ва тиришқоқлиги билан ажралиб турган. Мактаб йилларидаёқ спорт билан мунтазам шуғулланиши, жисмоний тайёргарликка жиддий эътибор қаратиши ҳамда ҳарбий касбга қизиқиши унинг келажакдаги танловини белгилаб берди.
2017 йилда Боёвут саноат ва агросервис касб-ҳунар коллежини тамомлагач, у Ватан ҳимоясидек шарафли йўлни танлади. 2019–2020 йилларда муддатли ҳарбий хизматни ўташ давомида интизоми, жасорати ва масъулияти билан қўмондонлар ишончини қозонди. Кейинчалик хизматини шартнома асосида давом эттириб, Шарқий ҳарбий округнинг парашют-десант бўлинмалари ва махсус тайинланган ҳарбий қисмларда хизмат қилди.
Бугунги кунда у Махсус операциялар кучлари қўмондонлиги таркибидаги ҳарбий қисмнинг тоғ-ишғол гуруҳи мутахассиси сифатида хизмат қилмоқда. Бу бўлинмада хизмат қилиш кучли жисмоний тайёргарлик, мустаҳкам ирода, тезкор фикрлаш ва ҳар қандай вазиятда тўғри қарор қабул қилишни талаб этади.
Унинг касбий маҳорати халқаро майдонда ҳам муносиб эътироф этилди. 2023 ва 2025 йилларда Корея Республикасида ўтказилган халқаро армия мусобақаларида Ўзбекистон ҳарбийлари шарафини муносиб ҳимоя қилиб, мамлакатимиз Қуролли Кучлари нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшди.

— Бу юксак эътирофни шахсий муваффақиятим эмас, балки мен билан бир сафда хизмат қилаётган барча ҳарбийлар меҳнатига берилган юксак баҳо деб биламан. Ватанга хизмат қилиш мен учун касб эмас, ҳаётимнинг мазмуни. Юртимиз тинчлиги йўлида хизмат қилишдан ортиқ шараф йўқ, — дейди Бектош Мусурмонқулов.
Қаҳрамоннинг отаси Қодирберди Мусурмонқулов ҳам бугунги мукофотни оила учун катта бахт деб ҳисоблайди.
— Биз фарзандларимизни бойликка эмас, ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва масъулиятга ўргатдик. Бектош ҳамиша зиммасига юкланган вазифани сидқидилдан бажарадиган фарзанд бўлиб улғайди. Бугунги эътироф унинг кўп йиллик меҳнати ва интилишларининг муносиб самарасидир, — дейди у.
Онаси Шарофат Йўлчиеванинг фикрларида эса ҳар бир онанинг меҳри ва фахри мужассам.
— Ҳар сафар хизматга кузатар эканман, уни Яратгандан омон сақлашини сўраб дуо қилардим. Бугун ўғлимнинг халқ ва Ватан ишончига муносиб инсон бўлиб етишганини кўриб, беҳад шукр қиламан. Она учун фарзандининг юрт хизматида бўлиши энг катта бахт ва фахрдир, — дейди у.
Янги Ўзбекистонда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. «Мард ўғлон» давлат мукофоти ана шу эзгу сиёсатнинг амалий натижасидир.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири