Бош вазир ўринбосари Бухорода хотин-қизлар билан мулоқот қилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова амалий ташриф билан Бухоро вилоятида бўлиб, ҳудудларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги ишлар билан танишди.
Ташрифнинг дастлабки манзили Ромитан туманидаги “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Бу ерда Бош вазир ўринбосари “маҳалла еттилиги” билан мулоқот қилиб, ҳудуддаги мавжуд муаммолар, аҳоли мурожаатлари ва таклифлар билан қизиқди.
Мулоқот давомида маҳалла хотин-қизлар фаоли томонидан ҳудудда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
[gallery-30858]
Оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси вилоятдаги маҳалла хотин-қизлар фаоллари билан учрашди. Унда ҳамкор ташкилотлар ва мутасадди идоралар раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда хотин-қизлар фаоллари маҳаллалардаги кундалик фаолияти давомида дуч келаётган масалаларни ўртага ташлади. Жумладан, ҳамкор ташкилотлар ўртасида электрон маълумот алмашинувини соддалаштириш, ахборот платформаларини интеграция қилиш, соҳа вакилларининг касбий салоҳиятини ошириш ва ўзаро тажриба алмашишни кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашув якунида кўтарилган масалаларни ҳал этиш, аниқ чора-тадбирларни белгилаш ва масъул идоралар билан ҳамкорликни кучайтириш юзасидан келишиб олинди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА