Болажонлар мириқиб дам олмоқда (+видео)
Айни кунларда ёзги оромгоҳлар болажонларнинг энг севимли маскани саналади. Бу ерда улар мириқиб дам олиш билан бирга турли тўгаракларда касб ўрганади, билим ва кўникмасини оширади, янги дўстлар орттиради.
“НКМК жамғармаси” давлат муассасаси тасарруфидаги “Болажон” болаларни соғломлаштириш оромгоҳи энг сўлим масканлардан биридир.
Мазкур оромгоҳ Пахтачи туманининг Можор маҳалласида жойлашган бўлиб, ёши улуғлар бу ерни “Хон чорбоғ” дейишади.
Тарихий маълумотларга кўра, Бухоро амирлиги тасарруфида бўлган ҳозирги Пахтачи тумани ҳудудидаги мазкур жой хоннинг сафарларга чиққанда дам оладиган чорбоғи бўлган. Кейинчалик бу ер болалар оромгоҳи сифатида фаолият юрита бошлаган. Ҳозир эса оромгоҳда асосан Навоий кон -металлургия комбинати ишчи- хизматчиларининг фарзандлари дам олади.
Навоий шаҳридан 25 км узоқликда жойлашган оромгоҳда 4 мавсум давомида 1730 нафар болажон дам олиб, ҳордиқ чиқаради. Улар учун бу ерда барча шароит яратилган бўлиб, турли хил тўгараклар, кўнгилочар тадбирлар, бадиий кечалар, спорт ўйинлари болажонларга олам-олам завқ улашади.
– Оромгоҳимизда биринчи мавсумда 400 нафарга яқин болажон дам олмоқда, – дейди оромгоҳ бош тарбиячиси Марьям Азимова. – 8 та тўгарак мавжуд бўлиб, педагог ходим ва етакчилар мавсум аввалида саралаб олинган. Уларга семинарлар ташкил этилиб, кўникмалари оширилган. 3000 донадан ортиқ китоб фондига эга кутубхонамиз мавжуд. Болажонлар ўз қизиқишларига қараб турли тўгаракларга қатнашади. Ҳар куни турли спорт мусобақалари ташкил этилиб, болажонлар гуруҳларга бўлинган ҳолда иштирок этади. Хуллас, болажонларимизнинг бўш вақти бўлмайди.
Оромгоҳда 14 кунга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилган бўлиб, болажонлар Президентимиз томонидан илгари сурилган “Беш ташаббус” доирасида турли спорт мусобақалари, маънавий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар ҳамда танловларда иштирок этади.
[gallery-17971]
– Бу соғломлаштириш оромгоҳи менга ёқади, – дейди болажонлардан бири Дилдора Очилова. – Ҳар куни мусиқа кечалари ташкил этилади. Мультфильмлар намойиш этилади. Турли тўгаракларга қатнашаяпман. Китоблар ўқиб, мароқли дам олмоқдаман. Устозларимиз жуда меҳрибон. Билмаган нарсаларимизни сўрасак, барчасини тушунтириб, ўргатади. Бу ерда мен янги дўстлар орттирдим.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Zhu7pMbXVXo?si=wbSdQJS5x64mppv1" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Албатта, ёзги таътилда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш ҳар қачонгидан-да муҳим масала. Бу даврда болажонлар қанчалик мароқли дам олса, янги ўқув йилини ҳам зўр кайфиятда бошлашади. Жорий йилги ёз мавсумида Навоий вилоятидаги 18 та оромгоҳга жами 15 минг 490 нафар бола жалб қилиниши режалаштирилган.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат,видео),
ЎзА мухбирлари