Бўлажак ҳуқуқшунослар билан учрашув
Ўзбекистон “Адолат” Социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Робахон Маҳмудова Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабалари билан учрашди.
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар билан тизимли ишлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мустақил фикрлайдиган, юксак малакали кадрлар этиб тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Айниқса, очиқ мулоқотлар орқали ёшларнинг фикрини эшитиш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш ва келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Учрашувда Робахон Маҳмудова бўлажак ҳуқуқшунослар билан очиқ ва самимий мулоқот олиб бориб, бугунги даврда ҳуқуқшунос кадрлар зиммасига юкланаётган юксак масъулият, қонун устуворлигини таъминлаш, адолат тамойилларига қатъий риоя этиш ҳамда инсон қадрини улуғлаш каби долзарб масалалар юзасидан муҳим фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, ёшларга замонавий билимларни эгаллаш, ўз устида мунтазам ишлашга интилиш ва берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Учрашувнинг энг муҳим ва эътиборли жиҳатларидан бири — Ўзбекистон “Адолат” СДП сафига қўшилиш истагида бўлган талабаларни партия сафига қабул қилиш жараёни бўлди. Тадбир давомида бир гуруҳ ташаббускор ва жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиб келаётган ёшлар Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолигига қабул қилинди. Уларга партия аъзолик гувоҳномалари ва эсдалик совғалари топширилиб, келгусида жамият ҳаётида янада фаол бўлиш, адолат, қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида ўз ҳиссаларини қўшиш зарурлиги таъкидланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА