Болаларимиз ҳуқуқлари ҳимояланган муҳитда улғайиши керак
Вояга етмаган болаларга нисбатан турли кўринишдаги зўравонлик ҳолатлари содир этилаётгани кенг жамоатчиликнинг муҳокамалари, эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бундай жирканчликларга қарши кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилишига қарамай, ҳамон болаларга зўравонлик қилиш ҳолатлари учраб турибди.
Шу боис, «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилиб, унда педофилларга нисбатан кескин чоралар кўриш бўйича жавобгарликлар кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Бугунги кунда бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг соғлом ва хавфсиз муҳитда камол топишини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Кейинги йилларда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига қарамай, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳамон жиддий эътиборни талаб қилмоқда.
Таҳлилларга кўра, Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми билан 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та, 2025 йилда эса 123 та жиноят иши қўзғатилган. Бу кўрсаткичлар болаларни, айниқса, жинсий зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинган «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун айнан шу мақсадга қаратилган бўлиб, унга кўра, 5 та кодекс ва 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан номусга тегиш ёки жинсий зўравонлик билан боғлиқ айрим оғир жиноятлар учун жазони кучайтириш, боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан айрим енгиллаштирувчи тартибларни қўлламаслик таклиф этилмоқда. Вояга етмаганга нисбатан қасддан оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш ҳам оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланмоқда.
Шунингдек, ҳужжатда зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзувга қайд этиш, айрим ҳолатларда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокини таъминлаш назарда тутилмоқда. Бу боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини судга қадар ва суд жараёнларида янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, болага ғамхўрлик кўрсатмаслик, шаҳвоний шилқимлик қилиш, болани тарбиялаш мажбуриятини бажармаслик, никоҳ ёшига оид талабларни бузиш каби ҳолатлар учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилади.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати — зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш имкониятининг мустаҳкамланаётгани. Таълим жараёнида педагог томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилиши эса меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос сифатида белгиланмоқда.
Умуман, мазкур қонун болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жабрланган болаларга ҳуқуқий ва ижтимоий кўмак кўрсатиш ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарлигини таъминлашга қаратилган комплекс чораларни қамраб олади.
Энг муҳими, ҳар бир бола ўзини хавфсиз ҳис қилиши, унинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқлари ҳимояланган муҳитда улғайиши керак. Зеро, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бу нафақат қонунчилик вазифаси, балки жамиятнинг келажак олдидаги масъулиятидир.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА