Болаларга тажовуз: ўта оғир жиноятчи маҳкумлар энди манзил-колонияларга ўтказилмайди (+видео)
Қонун лойиҳасига шарҳ
Юртимизда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларни зўравонликнинг барча шаклларидан ишончли ҳимоя қилиш долзарб аҳамиятга эга масалалардан бири. Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижадорлигини ошириш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда.
Яқинда парламент қуйи палатасида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш чораларини кучайтиришга, шунингдек, баъзи жиноятлар терговининг сифатини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун айни мақсадларга йўналтирилган.
Қонунда назарда тутилган нормаларни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулшана Худоёрова батафсил шарҳлаб берди.
— Мамлакатимизда аёллар ва болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда охирги йилларда 30 дан ортиқ қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда айрим жиноятлар тергови самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси Президентимизнинг тегишли фармони ҳамда Давлат дастурида белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилди. Унда аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
Бугунги кунда бутун дунёда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик, ахлоққа зид бўлган жиноятларнинг ортиб бораётгани аянчли. Бу каби жиноятларга қарши мамлакатимизда ҳам зарур чоралар олиб борилмоқда.
Қонун билан биринчидан, жинсий эркинликка, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятларни тергов қилиш ваколати ички ишлар органларидан прокуратура органларига ўтказилмоқда.
Айтиш керакки, амалдаги қонунчилигимизга кўра, болаларга нисбатан жинсий тажовузга оид жиноятларни профилактика инспекторлари жойига бориб ўрганади. Аммо айрим ҳолларда профилактика инспекторлари томонидан жиноят жойига ўша куннинг ўзида эмас, балки бир неча кундан сўнг, ҳатто 10 кундан кейин бориб ўрганиш ҳолатлари бўлган. Аслида бу турдаги жиноятлар тезкор ҳолда жойига бориб ўрганилиши лозим. Қолаверса, профилактика инспекторларининг ҳаммаси ҳам юридик маълумотга эга эмас. Шу маънода бу йўналишдаги тергов ишларининг профилактика инспекторларидан прокуратура органларига ўтказилиши ушбу жиноятларни сифатли ва адолатли ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Иккинчидан, жинсий эркинликка қарши жиноят содир этган шахсларнинг жазони ўташ тартибини қатъийлаштириш назарда тутилмоқда. Амалдаги тартибга кўра, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик билан боғлиқ ўта оғир жиноятларда маҳкумлар жазо муддатининг охирги 1-2 йилида манзил-колонияларга ўтказилади. Энди эса Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаганларга нисбатан содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар манзил-колонияларга ўтказилмайди.
Қонундаги учинчи муҳим янгилик, экологик масалалар билан боғлиқ бўлиб, меҳнат муҳофазасига оид жавобгарликлар назарда тутилмоқда.
Лойиҳада кўзда тутилаётган нормалар жинсий зўравонлик ҳолатларини фош этиш, бу турдаги жиноятларни тергов қилиш сифатини оширишга хизмат қилади. Бу эса аёллар ва болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишда самарадорликни таъминлайди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/38zFvFSbFk8" title="Bolalarga tajovuz: o‘ta og‘ir jinoyatchi mahkumlar endi manzil-koloniyalarga o‘tkazilmaydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА мухбирлари