Болалар ёзи кўнгилли ўтмоқда (+видео)
"Билимдон" оромгоҳи 2025 йилда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан янгитдан қуриб битказилган. У Фарғона тумани, Аввал туризм қишлоғи таркибига кирувчи Лоғон маҳалласи ҳудудида, табиатнинг бетакрор ва соф манзаралари, тоғ ён бағрида жойлашган замонавий болалар оромгоҳларидан бири ҳисобланади.
9 гектар майдонни эгаллаган оромгоҳда болаларнинг соғлом дам олиши, жисмоний ва маънавий ривожланиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Бу ерда замонавий ётоқхоналар, 5 маҳал сифатли овқатланиш, малакали тиббий хизмат, кутубхона, сузиш ҳавзаси, спорт майдончалари, ижодий ва техник тўгараклар, ёзги амфитеатр, бутун оромгоҳ бўйлаб кузатув камералари ҳамда болажонларни мароқли дам олишлари учун 12 кунлик дастур фаолияти йўлга қўйилган.
– Бешта мавсумда минг нафар болалар соғломлаштирилиб дам оладилар. Ҳозир, тўртинчи мавсумда 200 нафар болалар мароқли дам олмоқда, – дейди “Билимдон” болалар соғломлаштириш оромгоҳ директори Музаффар Маматқулов. – Самарқанд, Тошкент, Навоий вилоятларидан ҳам дам олгани келишади. Уларга яна илм ва ҳунар ҳам ўргатамиз.

Оромгоҳда болаларнинг билим ва истеъдодини ривожлантиришга хизмат қилувчи кутубхона, очиқ ва ёпиқ саҳналар, 250 ўринли маданий амфитеатр мавжуд. Оромгоҳ миллий қадриятлар ва замонавий тарбия усулларини уйғунлаштирган маскан сифатида фаолият юритади.
– Журналистикага қизиқтириш учун медиа клубимиз бор, кулолчилик, шахмат-шашка, спорт клублари ишлаб турибди. Бундан ташқари IT, робототехника тўгарагимиз ҳам бор. Болалар шу соҳа мутахассисларидан бошланғич бўлса-да билим олишмоқда, – Музаффар Маматқулов.

– Бу даргоҳда менга ёққани унинг тўгараклари бўлди. Рақс, караоке, моҳир қўллар, рассомчилик тўгаракларига қатнашаман. Бугун Худойберди Тўхтабоевнинг “Беш болали йигитча” асарини ўқиб ўргандик. Мен ўқишга чиққач, синфдошларимга бу оромгоҳга келишни тавсия қиламан, – дейди Ёшларобод қишлоғидан келган Дурдона Икромжонова.
– Бу ерда моҳир қўллар, тасвирий санъат, рақс ва кулолчилик тўгараклари бор. Мен биссертдан тақинчоқлар тўқишни ўргандим. Мактабга қайтгач, синфдошларимга бу ҳунарни ўргатаман, – дейди Ҳуррият Исроилова.
Оромгоҳда спорт майдончалари замон талаблари даражасида. Ёзнинг иссиқ кунлари учун сув спорти билан ҳам шуғулланиш мумкин.

Ошхона кенг ва тоза, замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Таомлар болаларнинг ёшига ва физиологик эҳтиёжларига мос ҳолда тайёрланади.

– Оромгоҳга касаба уюшмаларидан йўлланма олиш мумкин. Бундан ташқари oromgohlar.uz сайти орқали йўлланмага буюртма берилади, – дейди Музаффар Маматқулов.
– Ёзги оромгоҳ бу фақат дам олиш жойи эмас, балки боланинг ривожланиши, мулоқот қилиш ва ўз салоҳиятини очиш учун имкониятдир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/BRcjpmzJT4M" title="Bolalar yozi ko‘ngilli o‘tmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мухаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов