“Болалар учун энг яхши бадиий асар” танлови ғолиблари тақдирланди
Болалар ва ўсмирлар учун мазмунан бой, ёш хусусиятларига мос ва юксак бадиий савиядаги асарларни яратишни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўзбек тилида мутолаа қилишга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда истеъдодли муаллифларни рағбатлантириш мақсадида «Болалар учун энг яхши бадиий асар» республика ижодий танлови ташкил этилди.
Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида жорий йилнинг сентябрь–октябрь ойларида ўтказилган танловнинг тақдирлаш маросими юксак савияда бўлиб ўтди.
Тадбирда ҳамкор ташкилотлар раҳбарияти ва вакиллари, педагоглар ҳамда танлов ғолиблари иштирок этди.
Танловга ижодий ишлар махсус платформа орқали қабул қилинди. 15 сентябрга қадар жами 198 та ижодий иш келиб тушди. Уларни баҳолаш учун 12 нафар мутахассисдан иборат экспертлар гуруҳи шакллантирилди. Экспертлар асарларнинг мазмун-моҳияти, бадиий савияси, болалар ва ўсмирларнинг ёшига мослиги ҳамда танлов мақсадларига мувофиқлигини атрофлича ўрганди. Баҳолаш жараёнида холислик, мустақиллик ва шаффофлик тамойилларига амал қилинди.
Тақдим этилган асарлар мавзуларининг ранг-баранглиги билан аҳамиятли бўлди. Уларда табиат ва атроф-муҳитни асраш, тарихий хотира, келажак ҳақидаги орзу ва тасаввурлар, ўзликни англаш ҳамда шахсий танлов каби муҳим масалалар ёритилди. Бундай мавзулар болаларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни атрофдаги воқеа-ҳодисалар ҳақида мустақил фикрлашга ундашда муҳим аҳамият касб этади.
Жумладан, танловга «Диққат! Дарахт гапиради», «Тарихнинг тирик излари», «Келажак сари бир қадам», «Келажак номаълум» ва «Ўзимни танладим» каби асарлар тақдим этилди. Экспертлар уларни баҳолашда нафақат мавзунинг долзарблиги ва мазмунига, балки бадиий ифода воситалари, воқеалар ривожининг изчиллиги ҳамда асарнинг қайси ёш тоифасига мўлжалланганига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Ижодий ишлар китобхонларнинг ёш хусусиятларидан келиб чиқиб, учта йўналишда сараланди: 6–10 ёшли болалар учун эртаклар, 11–14 ёшли болалар учун эртак ва ҳикоялар, 15–17 ёшли ўсмирлар учун эса ҳикоялар.
Танлов якунига кўра, экспертлар хулосаси асосида 23 та асар болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган адабий тўпламларга киритишга тавсия этилди. Ушбу асарлар асосида турли ёш тоифаларига мос учта тўплам шакллантирилди.
Бадиий адабиёт боланинг нафақат билим ва тасаввурини бойитади, балки унинг фикрлаш қобилияти, нутқи ва маънавий дунёси шаклланишига ҳам таъсир кўрсатади. Айниқса, ёшга мос, мазмунли ва равон тилда ёзилган эртак ҳамда ҳикоялар болаларнинг сўз бойлигини ошириш, ўқиганлари юзасидан мулоҳаза юритиш ва ўз фикрини эркин ифодалаш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, «Болалар учун энг яхши бадиий асар» республика ижодий танлови ёш авлод учун сифатли адабиётларни саралаш, ўзбек тилидаги болалар адабиётини бойитиш ва ижодкорларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим ташаббуслардан бири бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА