Болалар бўлими аҳоли хизматида
Бухоро шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида болалар бўлими иш бошлади. Болалар бўлимида барча мутахассислар учун хоналар ажратилди. Уларнинг фаолият кўрсатиши учун қулай шароит яратилди.
– Бўлим педиатр, иммунолог, болалар оториноларингологи, болалар гинекологи, болалар неврологи, логопед, болалар психоневрологи, болалар эндокринологи ва ўсмирлар шифокори ҳамда мос равишда ҳамширалар билан тўлиқ таъминланди, – дейди Бухоро шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Хушнуд Жалилов. – Ҳар бир мутахассис хонаси амалдаги қонунчиликка мувофиқ тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди. Кириш эшиги ташқи томонидан хона тартиб рақами ва мутахассислик номи кўрсатилиб, соат 08:00дан 20:00га қадар фаолият кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Бўлим ташкил этилиши шаҳримиз ота-оналарига чексиз қувонч бағишлади. Бугунги кунга қадар тиббий хизматга муҳтож болажонларимиз турли тиббиёт муассасаларида сарсон бўлиб болалар тор соҳа мутахассислари кўригига боришар эди. Эндиликда бу каби оворагарчиликларга чек қўйилди.
[gallery-6941]
Болалар бўлимининг ташкил этилиши болаларда касалликларни барвақт аниқлаш, аниқ ташҳис қўйиш ҳамда ўз вақтида даволаш-соғломлаштириш ишларини кечиктирмасдан бошлаб юбориш ва асоратларсиз самарали соғломлаштириш имкониятини беради.
Бу эса ўз навбатида, келажакда болалар орасидаги касалланиш, ногиронлик ва ўлим кўрсатгичларининг кескин камайишига хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА