Болалар бахти йўлидаги эзгу ташаббуслар
Фармон ва ижро
Мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларни оилавий муҳитда тарбиялаш ҳамда ҳар томонлама баркамол инсон этиб вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимизнинг 2024 йил 14 ноябрдаги “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Ҳозир мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижроси доирасида жойларда кўплаб эзгу ишлар амалга ошириляпти. Ана шундай ибратли оилалардан бири Чирчиқ шаҳри Шодлик маҳалласида истиқомат қилувчи Эгаммуродовлар оиласидир. Бугун ушбу оила нафақат ўзининг икки нафар фарзандига, балки меҳр ва эътиборга муҳтож бўлган яна беш нафар болага ҳам ота-оналик меҳри, ғамхўрлигини улашмоқда. Оилавий болалар уйида тарбияланаётган фарзандларнинг соғлом улғайиши, сифатли таълим олиши, қизиқиш ва истеъдодларини ривожлантириши учун барча зарур шароит яратилган.
Шу билан бирга, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни фан, санъат, спорт ва ахборот технологиялари йўналишларидаги тўгаракларга жалб этиш, қобилиятларини юзага чиқариш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Натижада ҳар бир бола ўзининг келажакдаги касби ва ҳаётий мақсадларини аниқ белгилаб, орзулари сари дадил қадам ташлаяпти.
– Фарзандларимиз соғлом ва ҳар жиҳатдан камолга етиши учун ҳаракат қиламиз, – дейди оила бошлиғи Руслан Эгаммуродов. – Биз уларнинг ҳаётида ана шу бахтни яратишга интилаяпмиз, улар ўз салоҳиятини рўёбга чиқарса, хурсанд бўламиз. Масалан, қизим Маржона 9-синф ўқувчиси. У инглиз тили тўгарагига мунтазам қатнайди, рассомчилик билан шуғулланади. Келажакда малакали шифокор бўлишни орзу қилади, Ёдгора 7-синфда ўқийди ва қўшиқ айтишга қизиқади. У келажакда ички ишлар органларида хизмат қилиб, Ватанга садоқат билан хизмат қилишни ният қилган. Умуман олганда, ҳар бир бола бир олам.
Бугунги кунда Тошкент вилоятида 33 та оилавий болалар уйи фаолият юритиб, уларда 69 нафар бола тарбияланмоқда. Бу эса давлатимиз томонидан болаларнинг оилавий муҳитда вояга етиши, уларга меҳр ва эътибор кўрсатиш масаласига алоҳида аҳамият берилаётганининг амалий ифодасидир. Президентимизнинг юқоридаги фармони билан болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, оилавий болалар уйларини қўллаб-қувватлаш, тарбияланувчиларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва жамиятда муносиб ўрин топиши учун кенг имкониятлар яратиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Айнан Эгаммуродовлар оиласи фаолияти ана шу эзгу мақсадларнинг ҳаётдаги ёрқин намунасидир. Бундай меҳрибон ва фидойи оилалар бор экан, жамиятимизда инсонпарварлик, саховат ва меҳр-оқибат туйғулари янада мустаҳкамланади.
Энг муҳими, ҳар бир боланинг қалбида келажакка ва ўз кучига бўлган ишонч ортади. Зеро, болалар бахти ва камоли йўлида амалга оширилаётган ҳар бир эзгу ташаббус Янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажагига қўйилган мустаҳкам пойдевордир.
А.Мусаев, ЎзА