Бокс федерацияси ва тиббиёт маркази ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон бокс федерацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Тадбирда Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Миршоҳид Тиллабоев, таниқли мураббий Раҳматжон Рўзиохунов, Олимпия ўйинлари чемпиони ва уч карра жаҳон чемпиони Абдумалик Халаков, шунингдек, икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони Баҳодир Жалолов иштирок этди.
Меморандумга мувофиқ, болалар ва ўсмир спортчилар саломатлигини муҳофаза қилиш, профилактик тиббий кўрикларни мунтазам ташкил этиш, спорт тиббиёти соҳасида илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилади. Шу билан бирга, 18 ёшгача бўлган спортчилар учун ихтисослаштирилган тиббий хизмат сифатини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Ташриф доирасида федерация вакиллари марказда даволанаётган болалар билан учрашиб, улар билан самимий мулоқот қилди ҳамда тезроқ соғайиб кетишлари ва келажакда ўз орзу-мақсадларига эришишлари йўлида эзгу тилаклар билдирди.

Учрашувнинг энг эсда қоларли лаҳзаларидан бири икки карра Олимпия чемпиони Баҳодир Жалолов иштирокидаги очиқ мулоқот бўлди. Болалар машҳур боксчига ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, самимий жавоблар олди. Мазкур учрашув уларга катта руҳий кўтаринкилик ва ишонч бағишлади.
Мазкур ҳамкорлик меморандуми ёш спортчилар соғлиғини муҳофаза қилиш, уларга замонавий тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда спорт ва тиббиёт соҳалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА