Бокс: Аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионлари маълум
Бугун, 13 декабрь куни пойтахтимиздаги “Универсал” спорт мажмуасида бир ҳафтадан буён давом этаётган бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг аёллар ўртасидаги мусобақаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Муросасиз мусобақалар якунига кўра, аёллар боксида самарқандликлар 3 та олтин медалга эга чиққан ҳолда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган бўлса, бухоролик қизлар 2 тадан олтин ва кумуш, 3 та бронза билан иккинчи ўринни ҳамда ҳали бирор марта умумжамоадан жой олмаган Қашқадарё вакиллари илк бора мамлакат чемпионатини 2 та олтин ва 1 та кумуш билан якунлаб, учинчи ўринни қўлга киритди.

Чемпионат давомида кутилганидек, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Нигина Ўктамова, олимпия ўйинлари иштирокчилари Навбаҳор Ҳамидова, Райҳона Қодирова, Турсуной Раҳимова каби етакчи боксчилар ўз вазн тоифаларида тенгсиз эканликларини намойиш этишди.
Худди шунингдек, бухоролик Фарзона Фозилова, Сабина Бобоқулова, самарқандлик Ситора Турдибекова, қашқадарёлик Мавлуда Мавлонова, фарғоналик Моҳинабону Абдуллаева, жиззахлик Хадичабону Абдуллаева, фарғоналик Соҳиба Рўзметова ўз вазнларида мамлакат чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори пағонасига кўтарилишди.

Мусобақанинг яна бир аҳамиятли жиҳати, чемпионатда кумуш ва бронза медалларига мушарраф бўлган Рашида Тагирова, Сирға Бисенбаева, Анжелно Низаматдинова, Нурсулу Отарбоева, Гулайим Бекмуратова тимсолида Қорақалпоғистон боксида юксалиш бўлганлигини кузатиш мумкин. Бу аёллар боксида янги авлод вакиллари етишиб чиқаётганлигидан далолат бермоқда.

Ўзбекистон чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бугун кунинг иккинчи яримида чемпионатда эркаклар ўртасидаги ярим финал жанглари бўлиб ўтди.
Т. Рўзиев, ЎзА