Бобур шаҳрида янгиланиш нафаси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон вилоятининг жадал ривожланаётган ҳудудларидан бири — Бобур шаҳрида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида янги турар жойлар, ижтимоий объектлар барпо этилиб, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси такомиллаштирилаяпти.
Шаҳар қиёфасини янгилашда замонавийлик ва миллий меъморий анъаналар уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қурилаётган кўп қаватли уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари аҳоли учун қулай шароит яратиш билан бирга, ҳудуднинг меъморий қиёфасини ҳам бойитмоқда.
Кўчаларни ободонлаштириш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш ишлари ҳам изчил давом этмоқда. Замонавий пиёдалар йўлаклари, сайилгоҳ ва дам олиш масканларининг ташкил этилиши шаҳар аҳолиси учун янада қулай муҳит яратишга хизмат қилаётир.
[gallery-30852]
Бобур шаҳрида аҳоли, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун спорт майдончалари, истироҳат боғлари ва сайилгоҳлар барпо этилаяпти. Бу эса шаҳар инфратузилмасини фақат турар жойлар ва ижтимоий объектлар билан эмас, балки аҳолининг кундалик ҳаёти учун зарур бўлган замонавий жамоат маконлари билан ҳам бойитиш имконини бермоқда.
Шаҳарнинг яна бир муҳим жиҳати — бунёдкорлик жараёнларида унинг тарихий ва маънавий қиёфасига алоҳида эътибор қаратилаётганидир. Буюк аждодимиз, давлат арбоби ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталган шаҳарда миллий тарих ва маданий меросни кенг тарғиб этиш, ёш авлодни аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган ташаббуслар учун ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда.
Бугун Бобур шаҳридаги янгиланишлар янги бинолар ва обод кўчалар қиёфасидагина эмас, аҳоли учун яратилаётган қулайлик ва имкониятларда ҳам намоён бўлмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА