"Бизнинг мерос" туркумидаги шахсий кўргазма
Пойтахтимиздаги Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон Бадиий академияси, Бадиий кўргазмалар дирекцияси ҳамда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамкорлигида Ўзбекистон халқ рассоми Надежда Кашина (1896–1977) таваллудининг 130 йиллигига бағишланган "Бизнинг мерос" туркумидаги шахсий кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазма Ўзбекистон тасвирий санъати ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли рассомнинг бой ижодий меросини кенг жамоатчиликка тақдим этиш, унинг санъатдаги ўрни ва ижодий фаолиятини яна бир бор ёд этиш мақсадида ташкил этилди.


Надежда Кашина миллий рангтасвир мактабининг шаклланишида муҳим ўрин тутган санъаткорлардан бири ҳисобланади. Унинг ижоди Ўзбекистон табиати, халқимизнинг турмуш тарзи, урф-одатлари ва миллий қадриятларига бўлган самимий муҳаббат билан суғорилган бўлиб, бу жиҳатлар рассомнинг кўплаб асарларида ёрқин акс этган.

Кўргазмадан рассомнинг рангтасвир ва графика йўналишида яратилган 50 та асари ўрин олди. Асарларнинг асосий қисми рассомнинг турмуш ўртоғи Геннадий Герасимов томонидан Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондига туҳфа қилинган бўлиб, экспозицияга қўйилган ижод намуналари асосан ХХ асрнинг 1940 йилларидан кейинги даврга мансуб. Айрим акварель этюдлари эса ундан аввалги йилларда яратилган.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар Надежда Кашинанинг ўзбек тасвирий санъати ривожидаги беқиёс хизматлари, унинг серқирра ижоди бугунги кунда ҳам ёш рассомлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА