Бизнесни рўйхатга олишнинг тадбиркорлар учун қандай афзалликлари бор?
Мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган бизнесни рўйхатга олиш тадбирида тадбиркорларда шу каби саволлар ҳам туғиляпти. Қуйида жараён давомида берилаётган айрим саволларнинг жавоблари келтириб ўтилади.
Интернетдан фақат реклама ва мижозлар билан мулоқот учун фойдалансам, бу ҳам бизнес мақсадида фойдаланиш ҳисобланадими?

Интернетдан бизнес мақсадида фойдаланиш фақат онлайн савдони англатмайди. Маҳсулот ёки хизматни реклама қилиш, мижозлар билан ёзишиш, ҳамкорлар ва етказиб берувчиларни излаш ҳам шулар жумласидандир.
Интернет орқали савдо қилмаслик бизнесда интернетдан умуман фойдаланилмайди, дегани эмас. Бундай маълумотлар иқтисодий фаолиятда рақамли технологиялардан фойдаланиш даражасини баҳолаш учун муҳим.
Бизнес субъектининг фаолият манзили юридик манзилидан фарқ қилса, у қаерда рўйхатга олинади?

Бизнес субъекти доимий ёки вақтинча фаолият юритаётган ҳақиқий манзили бўйича рўйхатга олинади. Фаолият жойи субъектнинг юридик манзили билан бир хил бўлиши шарт эмас. Ижарага олинган бино, хона, устахона, савдо растаси ёки бошқа фаолият нуқтаси ҳам рўйхатга олиш манзили бўлиши мумкин.
2026 йил 1 октябрдан кейин фаолиятини тўхтатган корхона ҳам бизнесни рўйхатга олишда қатнашадими?

Ҳа. Агар иқтисодий бирлик 2026 йил 1 октябрь ҳолатига фаолият юритаётган бўлса, кейинчалик фаолиятини тўхтатган, тугатилган ёки тугатиш жараёнига кирган тақдирда ҳам саволнома тўлдирилади.
Бизнесни рўйхатга олишда маълумотлар 2026 йил 1 октябрь ҳолатига қайд этилади. Ушбу санадан кейин ташкил этилган иқтисодий бирликлар эса рўйхатга олинмайди.
Бизнесни рўйхатга олишда расмий ва норасмий ходимлар сони нима мақсадда сўралади?

Ходимлар сони ҳақидаги маълумотлар иқтисодиётнинг қайси тармоқларида қанча киши меҳнат қилаётганини, бизнес субъектларининг фаолият кўламини ҳамда меҳнат бозоридаги бандлик ҳолатини баҳолаш учун зарур.
Ушбу маълумотлар асосида ҳудудлар ва иқтисодий фаолият турлари кесимида бандлик даражаси, иш ўринларининг таркиби ҳамда тадбиркорлик субъектларининг аҳоли бандлигини таъминлашдаги ўрни аниқланади. Бу маълумотлар назорат ёки меҳнат текшируви ўтказиш мақсадида эмас, балки ишончли ва умумлаштирилган статистик кўрсаткичларни шакллантириш учун йиғилади.

Маълумот учун, бизнесни рўйхатга олиш жараёнида тадбиркорларга зарур тушунтириш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 1851 қисқа рақамли “call-марказ” фаолият юритмоқда. ”Call-марказ” орқали бизнесни рўйхатга олиш тадбири бўйича умумий маълумот олиш, сўровномани тўлдириш жараёнида юзага келган саволларга жавоб топиш, рўйхатга олиш тартиби ва иштирок этиш усуллари бўйича тушунтириш олиш, жараён билан боғлиқ бошқа мурожаатларни йўллаш мумкин.
Мазкур “call-марказ” соат 8:00 дан 20:00 гача фаолият юритади.
Моҳигул Қосимова тайёрлади,
ЎзА