Бишкекда “VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари”га тайёргарлик масаласи муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 30 август-6 сентябрь кунлари Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида этноспорт турлари бўйича ўтадиган “VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари”да Ўзбекистоннинг 100 нафарга яқин спортчиси иштирок этади.
Бу ҳақда Бишкекда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири маслаҳатчиси Ш.Мўминжонов етакчилигидаги мутахассисларнинг Қирғизистон жисмоний тарбия ва спорт давлат агентлиги раҳбари У. Асанбаев билан учрашувида эълон қилинди.
Таъкидланганидек, мусобақалар этноспортнинг 10 та турининг 24 та йўналишида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги мутахассисларининг Қирғизистон жисмоний тарбия ва спорт давлат агентлиги вакиллари билан мулоқоти жараёнида “VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари”да мамлакатимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар учун яратилган шароитлар, ўйинлар дастури ва мусобақалар ўтадиган спорт объектлари каби бир қатор масалалар кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида шунингдек, Ўзбекистон – Қирғизистон давлатлари ўртасида этноспорт турларини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилиниб, келгуси режалар белгилаб олинди.
Т.Рўзиев, ЎзА