Бировнинг ҳақи бировга буюрмайди
Жиззах вилоятида тадбиркорнинг ундириб олинган нореал қарздорлиги қайтарилди.
Жиззах шаҳрида фаолият юритаётган “Elitа” масъулияти чекланган жамияти(номи ўзгартирилган)нинг мурожаати Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.
Мурожаатни ўрганиш давомида, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик компанияси Жиззах филиали томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш” қоидалари талабларига зид равишда жамият фойдаланган табиий газ учун ноқонуний равишда оширилган тўлов ҳисоблаб келинаётганлиги аниқланди.
Жумладан, филиал ҳамда истеъмолчи ўртасида тузилган шартномадаги газ истеъмоли ҳажми “Askug Yur” дастурига киритилмаганлиги натижасида жамиятга нисбатан 1,4 коэффицентдан ҳисоб-китоб қилиниб, қарздорлик 81 миллион 296 минг сўмга ортиқча ҳисобланган.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсман девони томонидан жамиятнинг “Askug Yur” дастуридаги абонент картасидан асоссиз ҳисоблаб ечилган 81 миллион 296 минг сўм миқдоридаги қарздорликни олиш бўйича “Ҳудудгазтаъминот” АЖга тақдимнома киритилди.
Бировни ҳақи бировга буюрмайди, деганлари шудир-да, мазкур тақдимнома белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, тадбиркорга ҳисобланган нореал қарздорлик дастурда қайта таҳрирлаш йўли билан олиб ташланиши ҳамда бузилган ҳуқуқларнинг тикланиши таъминланди.
Шоҳруххон Ғайиров,
Бизнес-омбудсман девони
етакчи инспектори
ЎзА