Бир инсон ҳаётидаги ўзгариш – бир оила тақдиридаги бурилиш
Маҳалладаги ижтимоий ходимнинг иши фақат мурожаатни қабул қилиш ёки эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантириш билан чекланмайди. Бу касб эгасидан одамлар дардига қулоқ тутиш, хонадонма-хонадон юриб, оилаларнинг шароитини ўрганиш, муаммонинг асл сабабини аниқлаш ва уни ҳал этиш учун зарур ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишни талаб этади. Қашқадарё вилояти Муборак туманидаги Дўстлик маҳалласида фаолият юритаётган ижтимоий ходим Феруза Рўзимуродова ҳам ҳар куни ана шундай масъулият билан одамлар орасида юради.
Унинг иш куни турли тақдирлар билан боғлиқ. Кимдир иш излайди, яна кимдир даволаниш ёки ижтимоий хизматга муҳтож. Айрим оилаларга эса муаммосини ҳал этиш учун тўғри йўл-йўриқ ва зарур кўмакнинг ўзи кифоя.
Бундай вазиятларда ижтимоий ходим аввало инсонни тинглайди. Кейин унинг ҳолатини ўрганиб, мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, муаммони ҳал этиш чораларини белгилайди. Зарур ҳолларда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Зеро, ижтимоий ходим меҳнатининг ҳақиқий натижаси қоғоздаги мурожаатлар сони билан эмас, балки инсон ҳаётида юз берган ижобий ўзгариш билан ўлчанади.
Бу ўзгаришни Назира Бахбетованинг ҳаёти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бир неча йил аввал бахтсиз ҳодиса туфайли оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган Назиранинг бугунги ҳаёти анча ўзгарган. Унга давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий кўмак ва эътибор оғир вазиятдан чиқиб, ҳаётини қайта йўлга қўйиши учун муҳим омил бўлди.

“Инсон қадри учун” тамойили асосида аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар ана шундай тақдирларда ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Энг муҳими, инсон ўзини жамият эътиборидан четда қолмаганини ҳис этади, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланади.
Назира Бахбетова ҳам бугун ўз ҳаётидаги ўзгаришлардан мамнун. Кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик уни янги мақсадлар сари қадам ташлашга ундамоқда.

Аслида, ижтимоий ҳимоянинг моҳияти ҳам шунда – инсонни муаммоси билан ёлғиз қолдирмаслик. Бир оиланинг оғирини енгил қилиш ортида бир хонадондаги хотиржамлик, бир инсонга имконият яратиш ортида эса бутун бир оиланинг келажаги турибди.
Маҳалладаги ижтимоий ходимлар эса ана шу жараённинг инсонга энг яқин бўғини сифатида одамлар дардини эшитиб, уларни зарур кўмак ва имкониятлар билан боғлаб келмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири