Бир гуруҳ спорт ва жисмоний тайёргарлик фаоллари тақдирланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 ноябрдаги “Умумий ўрта таълим мактабларида жисмоний тарбия фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда ушбу фан ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ҳар ўқув йили якунида ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш тизимини йўлга қўйиш вазифаси белгиланган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг февраль-май ойлари давомида Фарғона вилоятида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларининг ихтиёрий ва махсус талаблари босқичма-босқич ўтказилди.

Шу муносабат билан вилоятда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, мактаб спорт клублари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда ёшларни спортга кенг жалб этиш борасида самарали фаолият олиб бораётган таълим ходимлари ҳамда спорт синовларини муваффақиятли бажарган ўқувчиларни тақдирлаш маросими ташкил этилди.

Таъкидланганидек, 2025/2026 ўқув йилида вилоятдаги 688 минг нафардан ортиқ ўқувчининг 79 минг нафари спорт клубларига қамраб олинган. Бу кўрсаткич Фарғона вилоятининг республикада етакчи ҳудудлардан бирига айланганини кўрсатмоқда.

Тадбир давомида спортни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ таълим ходимлари Спорт вазирлигининг “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Кўкрак нишонларини Фарғона вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Нодирбек Ҳакимов, мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов топширди.
Н. Раҳмонова, ЎзА