“Бибтехника” карвонлари кутиб олинмоқда
Тошкент вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан барча туман-шаҳарларга “Бибтехника” карвонлари жўнатилмоқда.
Мақсад умумтаълим мактаблари кутубхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш ва кутубхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашдан иборат. Бунинг учун “Бибтехника” жамланма китоби, кундалик дафтари, китобхон формуляри, “чўнтакча”, алифболи карточка, қайтарув варақаси, тўплам ғилофи каби зарур жиҳозлар бор. Улар вилоят бўйича 1 та “Болалар кутубхона”си, 888 та умумтаълим мактаблари ва 17 та бошқа муассасалар кутубхоналарига етказилиб берилади. Мазкур лойиҳа мамлакатимизда илк бор оммавий тарзда амалга ошириляпти.
– Авваллари ҳам бу каби ташаббуслар қилинган, лекин барча кутубхоналар бирдек қамраб олинмаган эди, – дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутахассиси Рашид Бобоқулов. – Бу орқали мазкур жойларда ходимларга зарур қулайлик яратилади. Китобхонларга хизмат кўрсатиш сифати оширилади.
[gallery-15521]
Хусусан, Тошкент туманидаги 31 та умумтаълим мактабига ҳам “Бибтехника” жамланмалари берилди. Мазкур таълим даргоҳларидаги кутубхоналар 20 минг нафардан ортиқ болаларни қамраб олган.
– Мазкур жиҳозлар биз кутубхоначиларнинг азалий орзуси ушалиши бўлди, – дейди Зангиота тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими дарсликлар бўйича методисти Зубайра Сапарбекова. – Чунки, бу жиҳозлар иш фаолиятимизда жуда муҳим бўлиб, биз доимий равишда буларни ўз ҳисобимиздан сотиб олардик. Ёки қўлбола қилиб ясаб олишга ҳаракат қилганмиз. Ишимизни янада енгиллаштириш, фаолиятимизни такомиллаштириш мақсадида жорий этилган ушбу жамланмалар учун масъулларга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, вилоятдаги 888 та умумтаълим мактаб кутубхоналарида жами 1 236 411 дона бадиий адабиётлар мавжуд. 2023 йилда 873 та умумтаълим мактаб кутубхоналарни бадиий адабиётлар билан янада бойитиш мақсадида маҳаллий бюджет маблағларидан 1,495 миллиард сўм ажратилди.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/XoFBbRnoUuo" title="“Bibtexnika” karvonlari kutib olinmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, Д.Эрназаров, ЎзА.