Бетакрор овоз соҳиби ёдга олинди
"Туркистон" санъат саройида Рашит Вагапов номидаги татар қўшиқлари халқаро фестивали бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков мамлакатлар, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда бу каби фестивалларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.

Мазкур фестиваль ҳақида гапиришдан аввал татар вокал мусиқаси тимсоли, афсонавий қўшиқчи Рашид Вагапов ижодига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз.
Бутун ҳаётини ижодга бағишлаган Рашид Вагапов Татар давлат филармониясида (Россия Федерацияси) узоқ йиллар фаолият юритган. Гўзал тембрли кучли овоз соҳиби бўлган Рашид Вагапов миллий мусиқа меросининг “олтин фонди”га кирган асарларни маҳорат билан тингловчилар қалбига етказа олган, халқ меҳрини қозонган ижодкорлардан.

Хусусан, унинг ижросидаги “Алфия”, “Нурия”, “Райҳон”, “Зулайҳо”, “Гулжамол” қўшиқлари санъат ихлосмандларининг юксак эътирофига сазовор бўлган.
Фестиваль доирасида Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг Татаристон халқ артисти унвони билан тақдирлангани қувончли хабар бўлди.

Айтиш керакки, бу каби халқаро фестиваллар халқлар ўртасидаги ўзига хос кўприк бўлиб, миллат ва элатлар ҳамда давлатларни бир-бирига яқинлаштиришга, ўзаро маданиятлар алмашинувига хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА