Бешариққа беларуслик ҳамкорлар келади (+видео)
Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида бир ярим минг гектардан зиёд мевазорлар мавжуд. Илгари боғ эгалари етиштирилган ҳосилни асосан хонадон шароитида қуритиб, қадоқлаган ҳолда маҳаллий бозорларда сотар эди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёз ва имкониятлар туфайли бу жараён янги босқичга кўтарилди. Бугун мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш ва экспортга тайёрлаш ишлари замонавий корхоналар ҳамда ихтисослашган ишлаб чиқариш қувватларида амалга оширилмоқда.

Айни пайтда соҳага илғор технологияларни жалб этиш, маҳсулотга қўшимча қиймат яратиш ва ташқи бозорларда рақобатбардошликни ошириш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан қўшма корхоналар ташкил этилмоқда.

Маълумки, шу кунларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикасида расмий ташриф билан бўлиб турибди. Икки давлат раҳбарларининг мулоқотлари чоғида Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудларининг III форуми доирасида мамлакатимиздаги беларуслик тадбиркорлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган қатор инвестиция лойиҳаларига старт берилди.

Хусусан, улар орасида Бешариқ туманида беларуслик тадбиркорлар иштирокида амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳаси ҳам бор.
Бешариқлик “Beshagrosmakarol” масъулияти чекланган жамият муассиси Жаҳонгир Носиров аслида оддий қишлоқ йигити. Дастлаб хонадонида, сўнгра кичикроқ цех қуриб ўрик ва бошқа меваларни қуритиш, қадоқлаш ва экспорт қилиш билан шуғуллана бошлади. Аста секин унинг бренди Осиё, Европа мамлакатларига кириб борди. Шунда унга Хитой, Россия, Беларусь, Польша каби давлатлардан ҳамкорликда ишлаб чиқаришни жорий этиш ҳақида таклифлар келди. Жаҳонгир уларнинг бирини танлади. У мевани қайта ишлаш ва шоколад ишлаб чиқариш лойиҳаси эди.

Лойиҳада 20 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиши кўзда тутилган. Натижада корхонада йилига 10 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти қайта ишланиб, тайёр маҳсулотлар ички бозорга етказиб берилиши ҳамда экспортга йўналтирилиши таъминланади. Лойиҳа доирасида 100 та янги иш ўрни яратилади.
Ниҳоят Беларуснинг Минск шаҳри ва Ўзбекистоннинг Бешариқ туманлари видеоалоқа орқали боғланиб янги корхона қурилишини бошлади. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев, Беларусь Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Юрий Шулейко, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва бошқалар иштирок этди.
– Туманимизда 20 тадан ортиқ янги экспорт қилувчи корхоналар ташкил этилди. Шундай қилиб экспорт билан шуғулланувчи корхоналар сони жами 50 тага етди, – дейди Бешариқ тумани ҳокимининг ўринбосари Бунёдбек Мавлонов. – Бу йилги экспорт кўрсаткичларимиз шуларнинг ҳисобига икки баробарга оширилиб, 76 миллион долларга етказилади. Ундан 56 миллион доллари қишлоқ хўжалик маҳсулотларига тегишли.
Ҳа, эндиги устувор вазифа савдо ҳажмини оширишгина эмас, ҳамкорликдаги ишлаб чиқаришларни барпо этиш бўлиб қолди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OHdWRGF2MsI" title="Beshariqqa belaruslik hamkorlar keladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (+видео), ЎзА