Беш йиллик ривожланиш истиқболлари муҳокама этилди
Медиа соҳасида доимий режаларни, келгусидаги истиқболларни белгилаб олиш фаолиятнинг янада самарали кечишида асосий омил саналади. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент шаҳар бўлимининг умумий йиғилиши ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва жамоатчилик фаоллари иштирок этган тадбирда ҳудудий бўлимнинг 2021–2025 йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилинди ва келгуси беш йиллик ривожланиш истиқболлари муҳокама этилди.

Йиғилиш давомида Уюшма бўлими томонидан журналистларни қўллаб-қувватлаш, ёш кадрларни тайёрлаш ва медиа соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳисоботи тингланди. Шунингдек, Назорат-тафтиш комиссиясининг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича ҳисоботи ҳам маъқулланди.

Кун тартибига асосан бўлим бошқарувининг янги таркиби тасдиқланди. 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” қабул қилинди ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг навбатдаги конференциясига пойтахтдан делегатлар сайланди.

Йиғилиш қарорига кўра, “Ўзбекистон 24” радиоканали бош муҳаррири Худойназар Дўстқобилов Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент шаҳар бўлими раиси этиб сайланди.
Тадбир якунида бўлим фаолиятини янада такомиллаштириш, журналистларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва медиа соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.
Н.Усмонова,
ЎзА