Бен Кингсли иштирок этган ўзбек лойиҳаси халқаро финалда
Дунё кино саноатида катта ютуқларга эришиш осон эмас. Айниқса, нуфузли халқаро танловларда финалга чиқиш — ҳар қандай лойиҳа учун катта эътироф ҳисобланади.
Ўзбекистонда яратилган ва жаҳонга машҳур актёр Бен Кингсли иштирок этган «Маърифат акс-садоси» ҳужжатли фильмлар сериясининг айнан шундай босқичга етиб келгани эса алоҳида эътиборга лойиқ. Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — у аввалданоқ CNN, BBC ва Euronews каби етакчи телеканаллар орқали халқаро аудиторияга тақдим этилган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан амалга оширилган мазкур фильмлар серияси New York Festivals TV & Film Awards 2026 танловининг финал босқичига йўл олди. Бу танлов телевидение ва кино соҳасида энг нуфузли халқаро мукофотлардан бири бўлиб, унда иштирок этишнинг ўзиёқ юқори даражани англатади. Финалга чиққан лойиҳа халқаро экспертлардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан саралаб олинган бўлиб, энди у олтин, кумуш ёки бронза мукофотларидан бирига даъвогарлик қилмоқда.
«Маърифат акс-садоси» нафақат ҳужжатли фильм, балки тарихий меросни замонавий тилда қайта англатишга қаратилган лойиҳа сифатида аҳамиятлидир. Унда Марказий Осиёдан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар — Хоразмий, Фарғоний, Ибн Сино каби алломаларнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси кенг ёритилади. Шунингдек, Темурийлар ва Бобурийлар даври мероси ҳам алоҳида урғу билан очиб берилиб, илм-фан, тиббиёт ва фалсафа ривожига кўрсатган таъсири илмий-оммабоп услубда тақдим этилган.

Лойиҳанинг халқаро майдондаги муваффақияти унинг мазмунан чуқурлиги ва тақдимот услубининг замонавийлиги билан боғлиқ. Бу эса Ўзбекистоннинг илмий ва маданий меросини жаҳон жамоатчилигига янги форматда етказишга бўлган интилишлар изчил давом этаётганини кўрсатади. Айниқса, жаҳонга машҳур актёр иштирокининг ўзиёқ фильмга бўлган қизиқишни янада оширган омиллардан бири бўлди.
Аввалроқ мазкур лойиҳа материаллари халқаро аудиторияга тақдим этилган бўлиб, CNN, BBC ва Euronews каби етакчи жаҳон телеканалларида эфирга узатилгани унинг глобал ахборот майдонидаги нуфузини янада оширди.
New York Festivals TV & Film Awards халқаро мукофоти телевидение ва кино соҳасида юқори нуфузга эга бўлиб, қатъий саралаш тизими, иштирокчиларнинг кенг географияси ҳамда рақобатнинг юқори даражаси билан ажралиб туради. Ушбу мукофот доирасида илгари BBC, National Geographic ва Netflix каби етакчи медиа компаниялар томонидан яратилган лойиҳалар энг юқори баҳоларга сазовор бўлган.
Ғолиблар 2026 йил 21 май куни бўлиб ўтадиган Storytellers Gala тақдирлаш маросимида эълон қилиниши режалаштирилган. Бу сана нафақат лойиҳа тақдири, балки миллий медиа маҳсулотнинг халқаро даражада қандай баҳоланишини ҳам белгилаб беради.
М. Эшмирзаева, ЎзА