Белбоғли кураш – миллий қадрият ва спорт анъанаси (+видео)
Белбоғли кураш Ўзбекистоннинг энг қадимий миллий спорт турларидан бири бўлиб, халқимиз тарихи, урф-одатлари ва миллий қадриятлари билан чамбарчас боғлиқдир. Айниқса, Фарғона водийси белбоғли курашнинг шаклланиши ва ривожланишида муҳим ўрин тутади. Тарихий манбаларга кўра, ушбу спорт турининг илдизлари бир неча минг йиллик тарихга бориб тақалади.
Белбоғли курашнинг асосий хусусияти шундаки, полвонлар рақибининг белбоғидан ушлаб кураш олиб боради. Беллашув давомида куч, чаққонлик, мувозанат ва маҳорат ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Миллий байрамлар, сайиллар, ҳашамдор тўйлар ва халқ томошаларида белбоғли кураш мусобақалари доимо марказий ўринни эгаллаб келган. Ғолиб полвонларга қимматбаҳо совғалар ва мукофотлар топширилган.


Мустақиллик йилларида миллий спорт турларини тиклаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда 2001 йилда Ўзбекистон Белбоғли кураш федерацияси ташкил этилди. Кейинчалик ушбу спорт турини халқаро миқёсда оммалаштириш ишлари кенгайди. 2022 йилда Осиё Белбоғли кураш конфедерацияси тузилиб, унинг қароргоҳи Ўзбекистонда жойлаштирилди.
Бугунги кунда белбоғли кураш нафақат Ўзбекистонда, балки Осиё ва дунёнинг қатор мамлакатларида ҳам ривожланиб бормоқда. Эркаклар ва аёллар ўртасида турли ёш тоифалари бўйича республика, қитъа ва жаҳон чемпионатлари мунтазам ўтказилмоқда. Ўзбекистон полвонлари халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, миллий спортимиз шуҳратини дунёга танитмоқда.


2026 йилнинг 9-14 июнь кунлари Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасида илк бор ўсмирлар ва қизлар ўртасида Белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионати ва эркаклар ва аёллар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Унда Ҳиндистон, Россия, Туркия, Индонезия, Польша, Миср, Эрон, Латвия, Монголия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби 30 га яқин давлатларнинг номдор полвонлари иштирок этадилар.
Бугун Фарғонадаги “Само”спорт саройида ташкилотчилар журналистлар учун матбуот конференцияси ташкил этди. Унда мусобақа шакли, қоидалари, иштирокчилар ва дастури ҳақида батафсил маълумот берилди.


Эртадан белбоғли кураш бўйича ўсмирлар ва қизлар ўртасида жаҳон чемпионати ва катталар ўртасида Осиё чемпионати мусобақалари бошланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qNbYQfq3cs0" title="Belbog‘li kurash – milliy qadriyat va sport an’anasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА