Белбоғли кураш: Гурланда Ўзбекистон чемпионати ўтказилди
Мамлакатимизда оммавий спорт ривожига берилаётган алоҳида эътибор, ҳудудларда замонавий спорт мажмуаларининг йилдан йилга ортиб бориши натижасида чека-чека туманларда ҳам мамлакат чемпионати, халқаро турнир миқёсидаги нуфузли мусобақаларни ўтказиш инфратузилмаси вужудга келди.
Куни кеча Хоразм вилояти Гурлан туманида илк бор белбоғли кураш бўйича 2009-2010 йилларда туғилган ўғил ва қиз болалар ўртасида ташкил этилган Ўзбекистон чемпионати ҳар жиҳатдан юқори савияда ўтганлиги яратилган шарт-шароитларнинг амалий ифодаси бўлди.

Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг йиллик тақвимидан жой олган мазкур чемпионатда ўғил болалар белбоғли курашнинг эркин ва классик йўналишларида 13 та вазн тоифасида куч синашган бўлса, қизлар эркин йўналишда 8 та вазн тоифасида чемпионлик йўлида кураш олиб борди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг 500 нафардан ортиқ ёш полвонлари иштирокида ўтган шиддатли беллашувларга бой чемпионат якунларига кўра, Ҳасанбой Жобборов (Наманган), Худоёр Холмирзаев (Фарғона), Айдос Эржанов (Қорақалпоғистон), Иброҳим Содиқов (Қашқадарё), Малика Бектурдиева (Хоразм), Абдивоит Маҳаммадов (Андижон), Шоҳжаҳон Раҳмонов (Бухоро), Жамшидбек Қуронбоев (Хоразм), Оғабек Тўлқинов (Сирдарё) сингари ёш спортчилар ўз вазн тоифаларида мамлакат чемпиони, деган номга сазовор бўлди.

Гурланлик кураш севар аҳоли вакилларига спорт завқини тортиқ этган мусобақалар сўнггида ғолиб ва совриндорлар диплом ва медаллар билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА