Бекобод халқаро мусобақага мезбонлик қилди
Бекобод шаҳрида каратэ WKF бўйича “LI DA METALL TECHNOLOGI CUP” 5-халқаро мусобақаси юқори спорт руҳида ўтказилди.
Икки кун давомида турли ҳудудлар ва қўшни давлатлардан жамланган 1 минг 500 нафарга яқин спортчи ғолиблик учун татамига чиқиб, ўз маҳорати ва иродасини намойиш этди.
Нуфузли мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларидан, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон Республикаларидан келган қатнашчилар турли йўналишларда ўз куч ва маҳоратини синовдан ўтказиб, ғолиблик учун муросасиз баҳс олиб борди. Мусобақада спортнинг пара-каратэ йўналиши бўйича ҳам беллашувлар ташкил этилди.

Халқаро мусобақанинг ўтказилиши спортчилар учун тажриба алмашиш, ўз маҳоратини яна бир бор намоён этиш ва халқаро майдонда рақобатлашиш имконини берди. Шунингдек, ёш спортчиларнинг йирик мусобақаларда иштирок этиши уларнинг спорт тажрибасини оширишга хизмат қилди.
Мусобақа доирасида Бекобод шаҳар ҳокими Наримонжон Исмоилов ҳам иштирок этиб, спортчилар билан учрашди. У барча иштирокчиларга спортда янги ютуқлар, мусобақаларда муваффақият ва келгуси беллашувларда омад тилади. Таъкидланганидек, халқаро миқёсдаги бундай беллашувлар спортчилар учун маҳорат ва тажрибасини синовдан ўтказиш баробарида, каратэ спортини янада оммалаштиришга хизмат қилади.

Шу тариқа, “LI DA METALL TECHNOLOGI CUP” 5-халқаро мусобақаси Бекободда каратэ спортининг оммавийлигини ошириш, спортчиларнинг маҳоратини юксалтириш ва халқаро спорт алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилган муҳим тадбирлардан бири бўлди.
Якунда ғолиб спортчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
А.Мусаев,ЎзА