Бахмал боғларида олма пишди
Бахмалга куз бошқача келади. Тоғлар орасида ҳаво салқинлашиб, тонглар тиниқлашади, кундузлари эса қуёш ерни илиқ силаб туради. Қир-адирлар ранги ўзгара бошлаган шу фаслда Бахмал боғлари ҳам ўзининг энг гўзал манзарасини намоён қилади: шохлар мевага тўлиб, дарахтлар гўё йил бўйи қилган меҳнатининг ҳисобини кўз-кўз қилади.
Қаранг, анави дарахтдаги олмаларга. Бири қирмизи, бири пушти-қизил, яна бири тилларанг, бошқаси эса тўқ бинафша, қорага мойил. Фужи, Жеромин, Голден... Халқ тилида севиб аталадиган “Беш юлдуз”, “Қора марварид” каби олмалар ҳам бор. Номлари бошқа-бошқа, аммо барининг таъмига Бахмалнинг табиати сингган.
Бу ерда олмани фақат кўрмоқ етарли эмас, уни татиб кўриш керак.

Янги узилган Бахмал олмасини қўлга олсангиз, аввало. унинг хушбўй ҳиди димоққа урилади. Тиш теккан заҳоти пўсти остидаги гўштдор қисми майин қирсиллаб, оғизга ширин шира тарқатади. Бир луқмасида ширинлик, кейин енгилгина нордонлик сезилади. Шираси лабга юқади. Яхшилаб чайнасангиз, ўша хушбўй таъм яна бироз қолиб, яна бир тишлам олгингиз келади.
Балким, Бахмал олмасининг донғи ҳам шундан бошланар: бир марта еган одамнинг яна егиси келади.

Боғбон эса бу таъмнинг ортида қанча меҳнат турганини билади. Баҳорда дарахтлар гуллаганда шу шохларга умид билан қараган. Ёзнинг иссиқ кунларида сувини берган, шохларини парваришлаган, зараркунандадан асраган. Энди эса ўша меҳнат шохларда – бири-бирига яқин осилиб турган олмаларда кўриниб турибди.
Шохлар мева оғирлигидан эгилиб кетган. Айримлари ерга яқинлашган. Гўё дарахтнинг ўзи ҳам ҳосилнинг салмоғидан елкасига юк олгандек. Аммо бу юкдан нолиш йўқ. Аксинча, ҳосил кўплиги шохга ҳам, боғбонга ҳам қувонч.

Айниқса, “Жеромин”нинг тўқ қизили кўзни ўзига тортади. Пишган мевадаги қирмизи ранг гўё қуёшда яна тиниқлашиб, ялтираб кетган. Бирини узиб, икки кафт орасида айлантириб кўрасиз. Пўсти силлиқ. Хушбўй ҳиди келади. Тишласангиз, қирсиллаган садо чиқади. Шунда унинг рангига эмас, мазасига ошиқасиз.
“Фужи” эса юмшоқроқ табассум қилаётгандек. Пушти-қизил туси куз қуёшида янада чирой очади. Унда ширинлик билан бирга енгил нордонлик бор. Бир тишламдан кейин оғизда қоладиган хушбўйлиги эса унинг ўзгача феълини билдириб туради.
“Голден”ни айтмайсизми? Унинг сариқ-олтин туси дарахтдаги қуёш парчасини эслатади. Қўлга олганингиздаёқ кузнинг илиқлиги кўзга ташланади. Тишлаганда эса ширин, хушбўй шираси тилингизга ёйилади. Шу пайт уни нега “Голден” деб аташларини эмас, нега Бахмал боғида етиштирилганини ҳис қиласиз.

Халқ орасидаги “Беш юлдуз” ҳам ўз номи каби эътиборли. “Қора марварид” эса алоҳида: тўқ бинафша, қорага мойил туси билан шохдаёқ бошқа олмалардан ажралиб туради. Унга қараганда, дарахтга осилган мева эмас, бир шода қора марварид кўзга ташлангандек бўлади. Лекин унинг жозибаси фақат рангида эмас. Тишлаганингизда қуюқ, хушбўй таъми сезилиб, “Қора марварид” деган ном нега унга ярашишини яна бир бор англайсиз.
Бахмал боғларидаги ҳосилнинг яна бир гўзал томони бор: бу ерда мева билан одамнинг меҳнати бир-биридан ажралмайди. Боғбон дарахтга қараб, унинг қайси шохи ҳосилга тўлганини, қайси меваси пишганини бир қарашда билади. Чунки у бу дарахтларнинг баҳорини ҳам, ёзини ҳам, қишини ҳам кўрган. Дарахтнинг ҳар бир новдаси, ҳар бир меваси унга таниш.
Шунинг учун пишган олмани қўлига олганда, у фақат мева кўрмайди. Балки ўзининг бир йиллик меҳнатини кўради.

Боғнинг четида эса ҳали ёш ниҳоллар бор. Улар ҳозирча катта дарахтлар соясида турибди. Шохлари ингичка, меваси кам ёки ҳали йўқ. Аммо улар ҳам бир кун шу боғнинг ҳосилига қўшилади. Бугунги ниҳолнинг эртанги дарахт эканини билган боғбон уларга ҳам меҳр билан қарайди.
Бахмалнинг олмасига таъм берадиган нарса фақат навнинг ўзи эмас. Бу ернинг тоғ ҳавоси, кундузги қуёши, кечки салқини, тиниқ суви ва тупроғи ҳам унинг мазасига ўз ҳиссасини қўшади. Шунинг учун Бахмал олмасини қаердадир бошқа жойда етиштирилган шу номдаги олма билан солиштиришдан кўра, унинг ўз юртидаги таъмини татиб кўриш керак. Чунки Бахмал олмаси – аввал кўзга, кейин димоққа, сўнг тилга сезилади.

Куз охирлаб, барглар сийраклаша бошлайди. Аммо шохлардаги олмалар ҳали ҳам боғни тарк этмайди. Қизиллари узоқдан чўғдек кўринади, олтинлари куз қуёшини ушлаб қолгандек ялтирайди, тўқ ранглилари эса барглар орасидан сирли мўраяди.
Шамол эсади. Шохлар тебранади. Олмалар бир-бирига енгил тегиб, майин садо чиқаради. Боғбон эса уларга бир муддат жим қараб туради. Чунки бу манзарада бир йиллик меҳнатнинг натижаси бор.
Бир пайт у шохдан пишган олмани узади. Қўлида бироз айлантириб, тишлайди. Яна ўша таниш қирсиллаш. Яна ширин шира. Яна енгил нордонлик. Ва оғизда узоқ қоладиган хушбўй таъм. Шунда Бахмал олмасининг сирини англагандек бўласиз.

Унинг донғи фақат чиройли рангида эмас. Фақат серҳосил дарахтларида ҳам эмас. Унинг донғи таъмида. Ўша таъмда тоғнинг салқини, қуёшнинг ҳарорати, тиниқ сув ва, энг муҳими, боғбоннинг меҳнати бор.
Шунинг учун Бахмал олмаси дастурхонга келганда, у билан бирга Бахмалнинг ўзи ҳам келади: тоғлари, боғлари, кузи, булоқлари ва шу мевани етиштирган одамларнинг меҳнати.
Бир тишлам олмада бутун бир юртнинг таъмини сезиш мумкинми?
Бахмалга бориб, унинг боғида пишган олмадан татиб кўрсангиз, бу саволга жавобни ўзингиз берасиз.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири