“Барлос”лик момолар “сурпа солди”
Наврўз – 2022
Туркистон тоғ тизмаларига кирувчи Ойқор тоғи бўйлаб ястаниб ётган Бахмал – Жиззах вилоятининг бир неча асрлик тарихга эга туманларидан.
Бахмал ўзига хос удум ва анъаналари, халқ фольклори, ижро санъати, неча минг йиллардан буён авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, мазаси, тайёрлаш услубини йўқотмаган миллий таомлари, табиатининг гўзаллиги-ю, боғлари, соддадил, меҳмондўст, ғурури тоғларидек улуғвор, танти халқи, шоир-ёзувчи, санъаткорлари билан танилган қадимий ҳудуддир.
Бу сафарги Бахмалга хизмат сафаримизда ҳам фольклоршунос олим Раҳматилла Саримсоқов бизга ҳамроҳлик қилди.
– Бахмалнинг ҳар бир қишлоғида фольклор этнографик ансамблларини тузиш мумкин, чунки бу ерда бир неча асрлардан буён туб аҳоли қадимий лапар-қўшиқларимиз, анъана-ю урф-одатларимиз, миллий удумлар, таомларимизни ёш авлодга ўргатиб, давомийлиги, умрбоқийлигини сақлаб келаётир, – дейди Раҳматилла Саримсоқов. – Бахмалнинг “Барлос” фольклор этнографик халқ ансамблига ҳеч қандай машғулотнинг кераги йўқ. Улар жонли ижрони маромига келтиради.
Туркий халқларнинг энг қадимий уруғлари бирининг номи билан аталувчи “Барлос” қишлоғи Туркистон тоғ тизмаларининг қир-адирликларида жойлашган. У туман марказидан 25-30 километр олисда жойлашган.
Шу қишлоқ номи билан аталувчи “Барлос” ансамблининг бадиий раҳбари Барчин Дўлимбоевадир.
– Ансамблимиз собиқ иттифоқ даврида ҳам бўлган, – деди Барчиной Дўлимбоева. – Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг, 1993 йилда, биринчи марта туман маркази Ўсмат шаҳарчасида ўтказилган Наврўз сайлида халқ термаларини ижро этиб бергандик. Ўшанда ансамблимизнинг номи ҳам йўқ эди.
Ансамбль Жиззах шаҳрида ўтказилган “Баҳор тароналари” кўрик-танловида, Навоий шаҳрида ўтган “Нурли наволар” бутун жаҳон фестивалида, Термизда ўтган “Бутун дунё бахшичилик фестивали”да иштирок этиб, фольклор этнографик халқ ансамбли номини олган.
[gallery-5975]
Ансамбль ижросида нафақат халқ термалари, лапар ва қўшиқлари балки, қадимий миллий удумлар ҳам ижро этиб келинмоқда.
Бугунги кунгача ҳам келин келганида ҳар бир хонадонда “Кампир ўлди”, келин бўлиб чиқадиган уйда “Куёвга тўн бичар”, “Поёндоз солар” каби қадимий удумларни қишлоқда “Барлос” ансамбли ўтказиб келар экан.
Бундан ташқари, “Тушов кесди”, “Чўчима бола”, “Сурпа солди” каби удумлар ҳам момоларидан меърос сифатида “Барлос”ликлар ижросида сайқалланиб, тўлдирилиб, авлоддан-авлодга етказиб келинмоқда.
Ансамбль аъзолари “Сурпа солар” удумини намойиш этиб берди.
Сурпа – инсон тандирда нон ёпишни ўргангандан буён яратилган уй-рўзғор буюми бўлса ажаб эмас. Сурпани тайёрловчи махсус сурпачи момолар бўлиб, бу иш билан улар шуғулланади. Қиз узатилгач “Сурпа солар” удуми ўтказилади. “Сурпачи момо” қўшиғи ижро этилади.
“Барлос” фольклор этнографик халқ ансамбли ушбу удумга бироз сайқал берган. Улар халқимизнинг қадимий урф-одат, маросим, удумлар, қўшиқ, лапар, термалар ва рақсларини, қолаверса, жуда қадимий таомларини бугунги кунгача сақлаб келишда хизмат қилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА