Барча ислоҳотлар инсон манфаати учун
Мамлакатимизнинг энг олис ҳудудларидаги маҳаллаларда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар кўлами кенгаймоқда.
Республика ишчи гуруҳи маълумотларига кўра, бугунга қадар ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳудудлардаги ички йўллар инфратузилмаси йўналишида 438 та кўча асфальт қилиниб, бетон ётқизилди, пиёдалар йўлаги барпо этилди.

Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 46 километр узунликдаги янги электр тармоғи тортилди, ёритиш мосламалари, трансформаторлар, уч мингдан ортиқ симёғоч устуни бетон устунларга алмаштирилди. 695 та янги темир-бетон устун ўрнатилган.
Қишки мавсумга тайёргарлик жараёнида аҳолини кўмир ва газ билан таъминлаш янада муҳим аҳамият касб этади. Бу борадаги ишларни енгиллатиш мақсадида ҳудудларда 84 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди ва янги табиий газ тармоқлари тортилди. Хусусан, 78 километрлик газ тармоғи таъмирланиб, суюлтирилган газ баллонлари ва кўмир етказиб берилди.

Аҳолининг фаровон турмуши учун муҳим бўлган омиллардан бири, албатта, тоза ичимлик суви таъминоти. Республика ишчи гуруҳи ўрганишлари натижасида 77 километр узунликдаги янги сув тармоғи тортилиб, носоз қисмлари таъмирланди. 4 та янги ичимлик суви иншооти (скважина, минора, резервуар, насос станцияси) ўрнатилди.
Обод ҳудуд, аввало, озодалиги билан ҳам ажралиб туриши керак. Шу маънода маҳаллаларда ўтказилган ободонлаштириш ишлари натижасида 10 тоннага яқин чиқинди бартараф этилди.

Меҳнатга лаёқатли фуқароларга тикув машиналари, асбоб-ускуналар ва меҳнат қуроллари олиб берилди, 103 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилиб, фаолияти учун 5 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит, 1 миллиард сўмдан ортиқ субсидиялар олишга кўмаклашилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”даги фуқароларга 953 миллион сўмлик турли ёрдамлар кўрсатилди, якка-ёлғиз кексаларга кўмак берилди.

Аҳоли саломатлигини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида 66 минг 320 нафар шахс тиббий кўрикдан ўтказилди. Даволаниши лозим бўлган кўплаб фуқароларга ордерлар, сиҳатгоҳ, санаторий ва профилакторияларга йўлланмалар берилди. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган 4 мингга яқин фуқарога аравачалар, протез-ортопедия воситалари, бепул дори-дармонлар етказиб берилди.

Маҳаллаларда маънавий-маърифий муҳитни яхшилаш борасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, оилаларда фарзанд тарбияси, маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш, спорт мусобақалари ўтказиш орқали ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Уч авлод учрашувлари”, “Бир нафар нуронийга ўн нафар ёш” каби маънавий-маърифий, тарғибот тадбирлари бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.
Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, тизимли ишлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ишчи гуруҳ таркибида Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, 20 га яқин идора ҳамда барча вилоят, туман (шаҳар) ташкилотларидан масъуллар бириктирилган.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.
Абдулазиз РУСТАМОВ тайёрлади,
ЎзА