Банк тизими активлари 984,4 триллион сўмни ташкил этди
Ўзбекистон банк тизимида 2026 йилнинг биринчи ярми якунига келиб ижобий молиявий тенденциялар сақланиб қолмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, банклар активлари, депозитлар ҳажми ва молиявий барқарорлик кўрсаткичлари ўсишда давом этмоқда. Бу эса иқтисодиётни молиялаштириш имкониятлари кенгайиб бораётганини кўрсатади.
2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра, банк тизими активлари 984,4 триллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,6 фоизга ошган. Мутахассислар фикрича, активлар ҳажмининг ўсиши банкларнинг иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини молиявий қўллаб-қувватлаш салоҳияти ортиб бораётганидан далолат беради.
Ҳисобот даврида банк тизими мажбуриятлари ҳам ўсиб, 838,8 триллион сўмга етди. Шу билан бирга, активларнинг мажбуриятларга нисбати 117 фоиз даражасида сақланиб қолди. Бу банк тизими умумий молиявий барқарорлигининг етарли даражада эканини тасдиқлайди.
Кредит қўйилмалари ҳажми ҳам изчил ўсишни намоён этди. Агар 2025 йил 1 июнь ҳолатига кредитлар ҳажми 567,7 триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шу даврига келиб бу кўрсаткич 636 триллион сўмга етди. Натижада кредит портфели бир йил давомида 12 фоизга ўсди.
Депозитлар ҳажмида эса янада юқори ўсиш суръати кузатилди. Жисмоний ва юридик шахслар маблағларининг банкларга жалб қилиниши натижасида депозитлар ҳажми 345,6 триллион сўмдан 460,6 триллион сўмгача кўтарилиб, бир йилда 33 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Таҳлилларга кўра, депозитлар ўсишининг кредитлаш суръатларидан юқори бўлиши банк тизими учун муҳим ижобий омил ҳисобланади. Хусусан, кредит қўйилмаларининг депозитларга нисбати бир йил давомида 164 фоиздан 138 фоизгача пасайди. Бу эса банклар томонидан ажратилаётган кредитлар тобора кўпроқ ички ресурслар — аҳоли ва бизнес субъектлари омонатлари ҳисобидан молиялаштирилаётганини англатади.
Давлат улуши мавжуд банкларда ҳам ушбу кўрсаткич яхшиланиб, кредит ва депозитлар нисбати 219 фоиздан 176 фоизга тушди. Бошқа тижорат банкларида эса мазкур кўрсаткич 106 фоиздан 97 фоизгача пасайган. Бу ҳолат банкларнинг ликвидлик базаси мустаҳкамланиб, молиявий хавфларни бошқариш имкониятлари кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Қайд этилишича, депозитлар ҳажмининг жадал ўсиши аҳоли ва тадбиркорларнинг банк тизимига бўлган ишончи мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Шу билан бирга, ресурс базасининг кенгайиши иқтисодиётни барқарор молиялаштириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Умуман олганда, жорий йилнинг дастлабки ойлари якунлари банк тизимида молиявий барқарорлик сақланаётгани, депозит базаси кенгаяётгани ҳамда иқтисодиётни кредитлаш учун ички ресурслар имкониятлари ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу эса мамлакат молия секторининг барқарор ривожланиши учун муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Ш.Маматуропова, ЎзА