Ҳазрат Навоийнинг ҳиндистонлик устози
Буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоий ўз асарларида бир қатор Шарқ алломалари, мутафаккирлари, шоиру фозилларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қимматли маълумотлар ёзиб қолдирган.
Буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоий ўз асарларида бир қатор Шарқ алломалари, мутафаккирлари, шоиру фозилларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қимматли маълумотлар ёзиб қолдирган. Буюк шоиримиз алоҳида ҳурмат-эътибор билан бир қатор асарларида тилга олиб, ўз устозлари қаторида санаб ўтган Шарқ шоирларидан бири Амир Хусрав Деҳлавийир.
Маълумки, Хусрав Деҳлавий Озарбайжон шоири Низомий Ганжавий тамал тошини қўйган “хамса”чилик анъаналарининг давомчиларидан бири саналади. Маълумотларга кўра, унинг отаси Сайфиддин Маҳмуд асли шаҳрисабзлик бўлиб, мўғуллар босқинидан жон сақлаб қолиш учун туркий сулолалар бошқаруви остидаги Ҳиндистонга кўчиб келган. Деҳли султони Шамсиддин Элтутмиш (1211-1236) уни саройга таклиф қилиб, амирлик унвонини берган. Шу боис Хусрав Деҳлавийнинг исмига ҳам Амир унвони қўшиб айтилади.
Амир Хусрав Деҳлавий 1253 йилда Деҳли яқинидаги Патиёла қасабасида таваллуд топган. Ёшлигидан илм-фан, ижодга ҳавасманд бўлиб улғайган. Амир Сайфуддин Маҳмуд мўғулларга қарши жанглардан бирида ҳалок бўлгач, саккиз ёшида отасиз қолган Хусрав буваси Имодулмулк қўлида тарбия топади ва ўз даврининг билимдонларидан бири, забардаст шоир бўлиб етишади.
Ҳикоя қилишларича Деҳли ҳукмдори бир кун машҳур шоирларни ўз ҳузурига чорлайди. Шунда бўлажак шоирнинг устози Саъдиддин Муҳаммад бу йиғинга ёш Хусравни ҳам бошлаб боради ва йиғилганларга унинг фавқулодда истеъдоди ҳақида гапиради. Шунда бу ерда ҳозир бўлган Хожа Иззуддин деган машҳур шоир ёш Хусравни синаб кўриш учун унга “мўй, уруғ, ўқ, қовун” деган тўрт сўз иштирок этган шеър тузишни сўрайди. Хусрав бу сўзлардан:
Қўш зулфини ҳар мўйида ул шўх санам,
Юз анбар уруғин ичида қилмиш зам.
Кўнглини анинг ўқ каби тўғри демагил,
Тишлар чу қовун каби унинг бағрида жам,
деган тўртлик тўқиб йиғилганларнинг олқишига сазовор бўлади.
Хусрав Деҳлавий вояга етгач, Деҳли ҳукмдорларининг саройида хизмат қилади, шу билан биргаликда юксак маҳорат билан бадиий асарлар – ғазаллар, қасидалар, туюқлар, рубоийлар ва бошқа жанрлардаги асарларини яратади.
Низомий Ганжавийдан сўнг орадан бир аср вақт ўтиб, Хусрав Деҳлавий унинг “Хамса” асарига жавобан, 1299-1301 йилларда “Матлаъу-л-анвор“ (“Нурларнинг манбаи“), “Ширин ва Хусрав“, “Мажнун ва Лайли“, “Ҳашт беҳишт“ (“Саккиз жаннат“), “Ойинайи Искандарий“ (“Искандар ойнаси“) достонларини яратди.
Хусрав Деҳлавий “Хамса” достонларида ўзининг ҳаёти, кечмиши, орзу-умидлари ва ҳисларини ҳам баён этиб кетади. Хусусан, “Мажнун ва Лайли” достонини ёзаётган пайтда, 1299 йилда унинг ҳаётида бахтсизлик рўй беради. Бу ҳодисани Деҳлавий достонида афсус билан тилга олади:
Кимсол ду нур зи ахтарам рафт,
Ҳам модару ҳам бародарам рафт.
Як ҳафта зи бахти тофтаи ман
Гум шуд ду маҳи ду ҳафтаи манн
(Бу йил менинг икки юлдузимнинг нури сўнди. Ҳам онам, ҳам инимдан айрилдим. Менинг забун бахтимдан икки ҳафталик иккита тўлин ойим йўқолди).
Ижодкор ўз келиб чиқиши борасида фахр билан: “Туркийи Ҳиндустонам, ҳиндавий гўям чу об” (“Мен Ҳиндистон туркийлариданман, аммо ҳинд тилини сувдай биламан”), деб ёзган эди.
Хусрав Деҳлавийнинг кўп шеърлари халқ орасида қўшиқ бўлиб кетган эди. Ҳиндистоннинг буюк жамоат арбоби Жавоҳарлал Неру шоирнинг қўшиқлари ҳақида: “Унинг қўшиқларини ҳозир ҳам тез-тез куйлаб турадилар. Мен олти юз йил илгари ёзилган ва шу кунгача ҳаммабоп бўлиб, халқнинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган бундан бошқа қўшиқларни билмайман”, деб ёзган эди.
Алишер Навоий Хусрав Деҳлавий ижодига юксак баҳо бериб, уни “ҳинд сеҳргари” – “назм ўрмонининг арслони, дарду ишқ оташгоҳининг самандари ва завқу ҳол водийсининг покиза йўловчиси” деб атайди. “Хамса”нинг барча достонларида Хусрав Деҳлавий номини Низомий билан ёнма-ён зикр этиб, уни ўзига хос сўзлар, таърифу тавсифлар билан ёдга олади. Масалан, “Ҳайратул-аброр”да ўқиймиз:
Ҳиндуви чобуқ демаким, ройи ҳинд,
Килки учи мамлакат оройи ҳинд.
Назми саводи аро ҳар достон,
Уйлаки, бир кишвари Ҳиндустон.
(Уни ҳинд чавандози атаб бўлмайди, уни ҳинд рожаси деб аташ керак. Унинг қалами учи ҳинд мамлакатининг кўркидир. Шеъриятидаги ҳар бир достон Ҳиндистоннинг бир вилояти – кишварига тенгдир).
“Фарҳод ва Ширин”да эса, ҳазрат Навоий Ҳиндистонни мушки анбар ҳидларини таратиб турувчи хушбўй тунга, Деҳлавийни эса, ана шу тун бағрида сайраётган хушнаво булбулга ўхшатадилар:
Агар булбул десанг, Ҳиндустон – тун,
Қаро зулмат дема, анбарфишон тун.
Бу андоқ тун аро шабхез булбул,
Шабистон ичра шўрангез булбул.
Хусрав Деҳлавий тўртта шеърий девон тузган. Бу ҳақда Навоий “Хазойинул-маоний” девонининг дебочасида тўхталиб ўтган. Навоийнинг ғазалнавислик соҳасида оламшумул ютуқларни қўлга киритишда Хусрав Деҳлавий тажрибаларининг ҳам илҳомбахш таъсири бўлган. У қитъаларидан бирида Деҳлавийни ғазал бобида энг буюк устозлари Ҳофиз Шерозий ва Абдураҳмон Жомий қаторида санаб ўтади:
Ғазалда уч киши тавридур ул навъ,
Ким андин яхши йўқ назм эҳтимоли...
Бири Муъжиз баёнлиқ соҳири ҳинд,
Ки ишқ аҳлини ўртар сўзу ҳоли.
Навоийнинг “Девони Фоний”сидаги қирққа яқин ғазали ҳам Хусрав Деҳлавийга татаббуъ қилиб ёзилган.
Навоий Хусрав Деҳлавий ҳақида “Насойим ул-муҳаббат” асарида ҳам бир қатор олим ва шайхлар қаторида батафсил тўхталиб ўтади:
“Лақаби Яминуддиндур. Отаси Лочин қабиласининг улуғларидин эрмиш. Балх навоҳисида ҳамоноки, они Ҳиндустонда машҳурдурки, турк дерлар”.
Алишер Навоийнинг ёзишларича, Хусрав Деҳлавий Деҳли султони Муборакшоҳ Хилжий вафотидан кейин ислом оламида донг таратган ҳиндистонлик мутафаккирлардан бири – Шайх Низомуддин Авлиё хизматига киради. У билан бирга қирқ йил муттасил рўза тутади, ҳаж зиёратини амалга оширади. Ҳатто Пайғамбаримиз (с.а.в.) билан ҳам беш маротаба ғойибона кўришади.
Навоийнинг маълумотларига кўра, Хусрав Деҳлавий ёшлик чоғида буюк форс шоири Шайх Саъдийнинг ҳам суҳбатидан мушарраф бўлган, кейин умри давомида ўша лаҳзаларни фахр билан эсга олиб юрган экан.
Маълумотларга кўра, Хусрав Деҳлавий 1325 йилда Деҳли шаҳрида вафот этади. Навоий эслатиб ўтганидек, шоир ўз устози шайх Низомиддин Авлиё қабри ёнида дафн қилинган. Унинг қабри жой олган “Шайх Низомуддин Авлиё зиёратгоҳи” бугун Ҳиндистоннинг энг гавжум ва мунаввар зиёратгоҳлари қаторига киради.
Рустам ЖАББОРОВ, тадқиқотчи.