Азим Аҳмедхўжаев XAЭA Бош директории Рафаэль Гросси билан учрашди
Бугунги кунда атом энергетикасидан тинч мақсадларда фойдаланиш, ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш ҳамда соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш долзарб аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда ҳам атом энергетикасини ривожлантириш, ядровий технологиялардан тинч мақсадларда фойдаланиш ва соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вена шаҳрида Халқаро атом энергияси агентлигининг (XAЭA) 70-Бош конференцияси доирасида Ўзбекистон делегацияси раҳбари, “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев ва XAЭA Бош директори Рафаэль Гросси ўртасида икки томонлама ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз борди.

Ўзбекистон делегацияси иштирокида ўтказилган мулоқотда мамлакатимизда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар, шунингдек, ядровий ва радиациявий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шу билан бирга, ядровий технологияларни тинч мақсадларда қўллаш бўйича мавжуд имкониятлар муҳокама қилинди.
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашув якунида Ўзбекистон ва XAЭA ўртасидаги техник ҳамкорликни янги йўналишлар билан бойитиш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва соҳадаги ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА