Аждодларимизнинг ўзга юртларда қаровсиз қолган сўнгги манзиллари: уларни ким асрайди?
Айни пайтда юртимизда Муборак Қурбон ҳайитини кенг нишонлаш арафасидамиз. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида” қарори қабул қилиниб, унда бир қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш борасида ҳам вазифалар ўз аксини топган.
Дарҳақиқат, ана шундай улуғ кунлар олдидан зиёратгоҳлар, буюк аждодларимиз руҳи қўним топган манзилларни обод қилиш, зиёрат қилиш энг улуғ савоб амаллардан ҳисобланади.
Аммо афсуски, кўплаб буюк бобокалонларимизнинг қабрлари ўзга юртларда жойлашган ва уларнинг ҳаммасини ҳам обод манзил, дея олмаймиз. Хусусан, Ҳиротда Алишер Навоий мақбараси қаровсиз қолгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бу ҳақда “Миллий тикланиш” демократик партияси Ўқув-тадқиқот ва таҳлил маркази директори Наргиза Ҳамидова ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
— Алишер Навоий — буюк шоир, мутафаккир, давлат арбоби, туркий адабиётнинг тенгсиз намояндаси. Биз унинг ғазалларини ўқиймиз, ҳикматларини такрорлаймиз, таваллуд саналарини нишонлаймиз, ҳайкаллари пойига гул қўямиз. Аммо баъзан бир неча сониялик тасвир инсон онгидаги барча расмий ва тантанавор манзараларни ағдар-тўнтар қилиб юборади.
Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган Ҳиротдаги Навоий мақбараси акс этган видеолар ҳам худди шундай таъсир қилди. Унда бутун бир миллат маънавиятининг тимсоли бўлган зотнинг қабри қаровсиз, очиқ ва ғариб аҳволда кўринди. Атрофида эса одамлар бемалол кундалик ҳаёт билан машғул. Ҳатто мақбара яқинида волейбол ўйнаётган манзаралар ҳам акс этган.
Бу тасвирлар кўпчиликни ларзага солди. Чунки гап оддий қабр ёки ташландиқ тарихий объект ҳақида кетмаяпти. Бу — ўзбек миллатининг маънавий устуни, тил ва тафаккур озодлиги учун курашган, бутун туркий дунёга ўзлигини англатган даҳо ҳақида кетмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ҳиротдаги бу манзара фақат архитектура ёки ободонлаштириш муаммоси эмас. Бу, миллий хотира, цивилизацион ўзлик ва маънавий масъулият ҳақидаги оғриқли саволдир.

Навоий тарихда шунчаки шоир бўлиб қолмаган. У туркий тилнинг тақдирини ўзгартирган инсон эди. XV асрда форсий тил мутлақ устун бўлган бир даврда Навоий туркий тилнинг бадиий ва интеллектуал имкониятларини бутун Шарққа намоён қилди. У “Муҳокамат ул-луғатайн” орқали миллатнинг маънавий мустақиллиги тил билан бошланишини исботлади. Унинг ижоди орқали туркий халқлар ўзини цивилизацион субъект сифатида ҳис қила бошлади. Шунинг учун ҳам Навоий шахси фақат адабиёт эмас, балки миллий онг, маданий хотира ва тарихий ғурур масаласи билан боғлиқ.
Бугун биз ўзбек тилида эркин фикр юритаётган бўлсак, миллий адабиётимиз жаҳон маданиятининг бир қисми сифатида тан олинаётган бўлса, бунинг пойдеворида айнан Навоийдек зотларнинг хизматлари ётади. Шу маънода, унинг Ҳиротдаги мақбараси оддий қадамжо эмас. У миллатнинг маънавий марказларидан бири.
Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалган тасвирлар одамларнинг қалбига қаттиқ тегди. Чунки у ерда одамлар фақат ташландиқ мақбарани эмас, балки тарихий хотирага нисбатан совуқликни кўрди. Навоий ўз юртида шон-шараф билан тилга олинаётган бир пайтда, унинг ҳақиқий қабри ғариблик ҳиссини уйғотувчи манзарага айланиб қолган.
Беихтиёр шоирнинг ўзи ёзган мисралар ёдга тушади: “Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш...” Бу сатрлар ҳозир шунчаки шеърий мисра эмас. Улар гўё Ҳиротдаги бугунги ҳолатнинг маънавий тавсифига айлангандек.
Тарихий нуқтаи назардан қараганда, Ҳирот Навоий ҳаёти ва фаолиятининг маркази бўлган. XV асрда бу шаҳар Шарқнинг энг йирик маданият ва илм марказларидан бири эди. Бу ерда адабиёт, миниатюра санъати, меъморчилик, илм-фан юксалган. Навоий нафақат ижод қилди, балки давлат бошқарувида ҳам фаол иштирок этди. У кўприклар, мадрасалар, карвонсаройлар, масжидлар қурдирди. Камбағалларга ёрдам берди, илм аҳлини ҳимоя қилди. Яъни Навоийнинг шахсиятида ижодкор, мутафаккир ва давлат арбоби мужассам эди.
Унинг Ҳиротда дафн этилиши бежиз эмас. Бу шаҳар унинг ҳаётининг маънавий маркази бўлган. Шунинг учун ҳам Ҳиротдаги мақбара нафақат Афғонистон, балки бутун туркий дунё учун муқаддас макон ҳисобланади.

Аммо бугун айнан шу жойнинг аҳволи жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солмоқда. Чунки миллат ўз буюкларига қандай муносабатда бўлса, келажак авлод ҳам миллатга шундай муносабатда бўлади. Тарихий хотира узилган жамиятда маънавий парокандалик кучаяди. Шу боис Навоий мақбараси масаласига шунчаки техник ёки маҳаллий инфратузилма муаммоси сифатида қараш хато бўлади.
Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Навоий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Илмий тадқиқотлар, халқаро форумлар, маърифий тадбирлар, янги китоблар, театр асарлари — буларнинг барчаси давлат ва жамиятнинг буюк аждодларга бўлган эҳтиромини кўрсатади. 2020 йилда қабул қилинган “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорда ҳам Ҳиротдаги мақбарани ободонлаштириш вазифаси белгилаб қўйилган эди. Бу эса Навоий мероси давлат даражасида эъзозланаётганининг муҳим белгисидир.
Бироқ Афғонистондаги сиёсий вазият, хавфсизлик билан боғлиқ мураккаб шароит ва минтақадаги беқарорлик бу ташаббусларнинг тўлиқ амалга ошишига тўсқинлик қилди. Натижада бугун Ҳиротдаги мақбара яна долзарб масала сифатида кун тартибига қайтмоқда. Афсуски, бу биринчи ҳолат эмас. 2023 йилда Балх вилоятидаги Навоий ёдгорлиги бузилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ундан аввал эса 2010 йилда Мозори Шарифда Навоий ҳайкали вайрон қилингани маълум бўлган эди.
Бу ҳолатлар маданий мерос объектлари қандай ҳимоясиз ҳолатда эканини кўрсатади. Энг муҳими, Ҳиротдаги мақбаранинг бугунги ҳолати жамиятни бир муҳим ҳақиқат ҳақида ўйлашга ундайди: қабр ва мақбараларни обод сақлаш — бу халқнинг азалий маънавий қадриятларидан бири. Ўзбек халқи азалдан қабр зиёратига, аждодлар хотирасига алоҳида эҳтиром билан қараган. Юртимизнинг энг чекка қишлоқларида ҳам одамлар ота-боболари қабрини қаровсиз қолдирмайди. Атрофини тозалайди, дарахт экиб, зиёрат қилиб туради. Чунки халқ онгида қабрни асраш — бу шунчаки ҳудудни обод қилиш эмас, балки ўтганларга садоқат ва ҳурмат рамзи ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Ҳиротдаги Навоий мақбараси масаласи оддий архитектура ёки таъмирлаш муаммосидан анча кенг маънога эга. Бу — буюк аждодлар хотирасига муносабат, миллий қадрият ва маънавий масъулият масаласидир. Чунки Навоий каби зотларнинг мақбараси нафақат тарихий объект, балки миллат руҳияти билан боғлиқ муқаддас макон сифатида қабул қилиниши керак.
Бугун ўзбек ва туркий дунё тарихидаги ўнлаб буюк зотлар қабри ёт юртларда қолиб кетган. Айримлари қаровсиз, айримлари унутилган, баъзиларининг эса ҳатто аниқ қабри ҳам маълум эмас. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Кобулда, Усмон Носир Россиянинг Кемерово ўрмонлари бағрида, Машраб Афғонистон ҳудудларида, Жалолиддин Мангуберди қабри эса ҳануз тарихий баҳслар ичида қолмоқда. Темурийлар, жадидлар, қатағон қурбонлари орасида ҳам шундай ғариб тақдир соҳиблари кўп. Тарихчиларнинг таъкидлашича, Марказий Осиё цивилизациясига мансуб 50 дан ортиқ буюк шахснинг қабри бугун бошқа давлатлар ҳудудида жойлашган.
Шу маънода Ҳиротдаги манзара шунчаки бир мақбара ёки бир тарихий жой ҳақида эмас, бу бутун бир миллатнинг тарихий хотираси, маънавий виждони ва аждодларга бўлган муносабати ҳақидаги оғриқли саволдир. Чунки миллатни фақат ҳудуд ёки тил эмас, балки улуғлари хотирасига бўлган ҳурмат ҳам бирлаштириб туради. Бугун ёт юртларда қаровсиз қолган мақбаралар, унутилган қабрлар ва сукутга чўмган қадамжоларни биз асрамасак, ким асрайди?
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА