Аждодлар ёди доим барҳаёт
Шундай инсонлар борки улар ижоди, Ватан равнақи йўлида қилган ишлари билан ҳамиша барҳаётдир.
9 май — Хотира ва қадрлаш куни
Шундай инсонлар борки улар ижоди, Ватан равнақи йўлида қилган ишлари билан ҳамиша барҳаётдир. Ана шундай инсонлардан бири шоир Ҳусанжон Амин Ғузорийдир.
Ҳусанжон Амин Fузорий 1941 йилнинг 17 январида Қашқадарё вилояти, Fузор туманида таваллуд топди. 1947 йил мактабга борган Ҳусанжоннинг илк ижод намуналари ўқувчилик йилларидаёқ туманнинг “Ғаллачи” газетасида чоп этила бошлади. 1960 йилда эса айнан мана шу газетага ишга келиб, 1961 йил Тошкент Давлат университетининг Журналистика факультетига сиртдан ўқишга кирди. 1981 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар ва журналистлар ижодий уюшмасининг аъзоси бўлди. Шоирнинг фарзандлари ҳамда набиралари ҳозирги вақтда жамиятда ўз ўринларини топган зиёли инсонлар саналади.
Ҳусанжон Амин Fузорийнинг болаларга бағишланган кўплаб шеърлари дарслик ва қўлланмаларга киритилган. Шоир Ўзбек адабиёти ривожига ўзининг ўнлаб китоблари билан ҳисса қўшган ижодкорларимиздан биридир. Шу пайтгача унинг, “Менинг бароқ мушукчам”, “Чўл лоласи”, “Қўшиқ керак оламга”, “Дунё бизнинг уйимиз”, “Армонли гаплар”, “Армонли дунё”, “Юрт қўшиғи”, “Дилбарим боқди кулиб”, “Қолганлар яшайверади”, “Умрим гулдастаси” шеърий ва насрий китоблари нашр қилинган.
Шоир туман газетасига узоқ йиллар бош муҳаррирлик қилган. Вилоят ва республика нашрларида ўзининг ижодий намуналари билан фаол иштирок этиб келган. Ҳусанжон Амин Fузорийнинг журналистик фаолияти ҳам эътиборга лойиқ. У қатор раҳбарлик лавозимларида ҳам ўз салоҳиятини кўрсата олган.
Шоир 2010 йил 8 июлда вафот этган. Унинг биз ёш авлодга қолдириб кетган ўлмас мероси доимо барҳаёт ва мангу яшайди.
Хотира ва қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз ҳам мана шундай инсонларни хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат.
Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди. Зеро хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир.