Айрим техникумларда ўқувчиларга иш ҳақи тўлаш амалиёти йўлга қўйилган
Бугунги кунда Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ, Бўка, Оққўрғон, Қибрай туманлари ҳамда Чирчиқ шаҳридаги техникумларда минглаб ўқувчилар 40 дан ортиқ касб ва мутахассислик йўналишларида таҳсил олмоқда. Хусусан, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари, автомобилсозлик, ветеринария ҳамда мактабгача таълим йўналишларида дуал таълим тизими кенг жорий этилмоқда.
Техникумлар ва корхоналар ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланган бўлиб, ўқув режа ва дастурлар иш берувчилар иштирокида шакллантирилган. Айрим техникумларда ўқувчиларга иш ҳақи тўлаш амалиёти йўлга қўйилган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси йиғилишида айтиб ўтилди. Унда Тошкент вилояти техникумларида дуал таълим тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, техникумлар битирувчиларининг бандлик даражаси ўртача 88 фоизни ташкил этмоқда. Айрим техникумларда эса ўқувчиларнинг салмоқли қисми олий таълим муассасаларига суҳбат асосида қабул қилинмоқда.

Йиғилиш давомидаги муҳокамаларда айрим техникумларда замонавий лаборатория ва устахоналар, автомобиль ва электромобиллар сервиси учун жиҳозлар ҳамда тренажёрлар етишмаслиги таъкидланди. Айрим устахоналар эса мослаштирилмаган хоналарда жойлашган. Дуал таълим гуруҳлари учун алоҳида ишлаб чиқариш таълими усталари штатлари ажратилмаган. Бу эса педагогларга қўшимча юклама юкламоқда.
Йиғилишда шу каби аниқланган камчиликлар муҳокама қилиниб, дуал таълим самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА