Аёллар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тренинг
Аёлларни қўллаб-қувватлаш — жамиятда барқарорлик, адолат ва тараққиётни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири. Аёллар ўз ҳуқуқларини тўлиқ англаб, хавфсиз муҳитда, ишонч билан яшаши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқара олиши учун тизимли ёндашувлар ва самарали дастурлар зарур.
Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш маркази ташаббуси билан Колумбия университетининг Ижтимоий иш мактаби, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Республика аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ҳамкорлигида W.I.N.G.S — “Ҳимояга етакловчи янги мақсадларни белгилаётган аёллар” дастури доирасида онлайн тренинг бошланди.
Мазкур тренингнинг асосий мақсади зўравонлик хавфини эрта аниқлаш, унга профессионал ва тизимли муносабат билдириш, шунингдек, аёллар билан ишловчи мутахассисларнинг билим ва амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Тренингда пилот ҳудудлар — Андижон, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги Республика аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ходимлари, “Инсон” ижтимоий хизмат марказлари психологлари ва катта ёшдагилар билан ишлаш бўлимлари бош мутахассислари, шунингдек, “Она уйи” нодавлат нотижорат ташкилоти ходимлари иштирок этмоқда.
Уч кун давом этадиган тренинг дастури доирасида гендер зўравонлигини чуқур тушуниш, W.I.N.G.S дастурининг концептуал асослари, фасилитация кўникмаларини ривожлантириш ҳамда ушбу ёндашувларни амалиётда самарали қўллашга қаратилган сессиялар ўтказилади.
Тренинг нафақат назарий билимларни бойитиш, балки реал ҳаётий вазиятларда аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор ҳаёт сари етаклашга хизмат қилувчи амалий механизмларни шакллантиришни кўзда тутади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА