Аёллар бандлигига ҳисса қўшаётган тадбиркор
Бухоро вилояти Ромитан тумани “Миришкор” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган тадбиркор аёл Лобар Шерова нафақат ўз оиласи, балки маҳалладаги ўнлаб хотин-қизлар учун ҳам даромад манбаини яратиб бермоқда. У раҳбарлик қилаётган “Лобар чеварлар” тикув цехи бугунги кунда ҳудуддаги энг фаол ва самарали кичик ишлаб чиқариш шохобчаларидан бирига айланган.
Тижорат банклари томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар асосида цех замонавий тикув ускуналари билан жиҳозланган. Бу эса иш самарадорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ва буюртмаларни қисқа муддатларда бажариш имконини бермоқда. Бу ерда асосан хушбичим, замонавий ва сифатли аёллар либослари тайёрланиб, маҳаллий бозорга етказиб берилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур цехда 10 нафардан зиёд хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган. Улар ўз меҳнати орқали барқарор даромад топиб, оилавий фаровонликка ҳисса қўшмоқда. Бу эса маҳаллада аёллар бандлигини ошириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Лобар Шерова фаолиятини фақат ишлаб чиқариш билан чеклаб қўймаган. У тикувчиликка қизиқувчи ёшлар учун ўқув курсларини ҳам ташкил этган. Ушбу курсларда қизлар чеварлик сирларини ўрганиб, мустақил равишда меҳнат қилиш имкониятига эга бўлмоқда.
–Ҳар бир қиз қўлида ҳунари бўлса, ҳеч қачон қийналмайди. Биз нафақат либослар тикаяпмиз, балки келажак учун мустаҳкам пойдевор яратяпмиз, –дейди тадбиркор Лобар Шерова.
Тадбиркорнинг ташаббуси ва меҳнатсеварлиги маҳаллада ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Унинг фаолияти аёллар бандлигини таъминлаш, ёшларни касбга йўналтириш ва кичик бизнесни ривожлантириш борасида намуна бўлиб хизмат қилади. Бундай ташаббуслар эса жамият тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири