Аёллар бандлиги таъминланди
Сирдарё вилояти Оқолтин тумани Бўстон маҳалласида 25 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаган тикувчилик цехи фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 150 миллион сўмлик грант ажратилди.

Лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гавҳар Олимованинг ҳудудни ўрганиш ва сайловчилар билан учрашувлари давомида аниқланган муаммолар асосида ишлаб чиқилган. Учрашувларда Бўстон маҳалласида иш ўринлари етишмаслиги ва аҳоли бандлигини таъминлаш зарурати кўтарилган.
Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Мирза Сулаймонов ташаббуси билан ташкил этилган тикувчилик цехи хотин-қизларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши, иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Цехнинг иш бошлашига бағишланган тадбирда сенатор, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Покиза Аҳмеджанова, партия вилоят Кенгаши депутати Шоҳиста Бозорбоева, тегишли ташкилотлар масъуллари ва партия фаоллари иштирок этишди.

Тадбирда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, сайловчилар мурожаатларида кўтарилган масалаларни ўрганиш ва уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Мазкур лойиҳа маҳалладаги бандлик муаммоларини ҳал этиш, хотин-қизларнинг меҳнат фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган амалий ташаббуслардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири