Атроф-муҳитга зарар етказган корхоналарга чеклов қўйилди
Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳаво тозалигини сақлаш ва аҳоли саломатлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шу боис, экологик талабларга амал қилмаган корхоналар фаолияти устидан назорат тадбирлари изчил кучайтирилмоқда.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) томонидан Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги метални қайта ишловчи корхоналар фаолияти ўрганилди. Ўрганиш давомида қатор жиддий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, айрим корхоналар экологик экспертиза хулосаси талабларига амал қилмагани, шунингдек, атмосферага меъёрдан ортиқ зарарли моддалар чиқараётгани маълум бўлди. Хусусан, корхоналардан бирида экспертиза хулосасида кўрсатилмаган қўшимча печ ноқонуний равишда ўрнатилган бўлиб, у орқали ҳавога зарарли чиқиндилар тарқалаётгани қайд этилди.

Яна бир корхонада эса метални эритиш жараёнида ҳосил бўладиган зарарли моддаларни тозалаш иншоотлари умуман мавжуд эмаслиги аниқланди. Бу эса экологик хавфсизлик талабларининг қўпол равишда бузилганини кўрсатади.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан ҳар икки корхона фаолияти 10 кун муддатга вақтинча тўхтатилди. Шу билан бирга, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш мақсадида мазкур корхоналарни Тошкент шаҳридан кўчириш бўйича тавсиялар берилди.
Назорат тадбирлари давом этмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА