Асл ўғлонларга она Ватан ишончи катта куч ва толмас қанот бағишлайди
Президент билан мулоқотдан сўнг...
Тошкентдаги муҳташам Олимпия шаҳарчаси. 30 июнь – Ёшлар куни. Шу санада бу ерда юраги Ватан деб урган, ўз соҳасида ташаббускор йигит-қизлар жам бўлди.
Президентимизнинг фармонига мувофиқ, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ёшлар “Келажак бунёдкори” медали ҳамда “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.
Тантанада давлатимиз раҳбари мукофотларни ўз эгаларига топширди.
Ана шундай шарафли дақиқаларни қалбидан ўтказган, сафдошларига ўрнак бўлиб келаётган ёш етакчилардан бири Миллий гвардия ҳарбий қисм отряд командири Шоҳзодбек Элбеков бўлди. Ундаги қатъият, ҳарбий интизом ва юзидаги самимий табассум давлатнинг юксак ишончига сазовор бўлган командирнинг ҳақиқий қиёфасини кўрсатиб турарди.
Тадбир якунлангач, ҳали ҳаяжони босилмаган, аммо олдига улкан мақсадларни қўйган Шоҳзодбек билан суҳбатлашдик.
– Тенгдошларим орасида “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланишни орзу қилмаган йигит бўлмаса керак, – дейди Шоҳзодбек Элбеков ғурур билан. – Бугун мен ҳаётимдаги энг гўзал мақсадлардан бирига эришдим. Тўғриси, ҳаяжонимни сўз билан таърифлаб беролмайман. Ҳурматли Президентимиз – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг қўлларидан ушбу мукофотни қабул қилиб олдим.
Биласими, энг унутилмас воқеа мукофот топширилаётган пайтда бўлди. Давлатимиз раҳбари менга қараб, ота-онангга раҳмат, ҳеч қачон тўхтаб қолма, дедилар. Бу сўзлар менга гўё қанот бағишлади! Бу оддийгина қутлов эмас, бу менга ва мен орқали бутун оиламга, сафдошларимга билдирилган юксак ишончдир. Айни дамда, бу эътироф зиммамга жуда катта масъулият ҳам юклайди.
Бугун Миллий гвардия сафларида биз, ҳарбийларнинг жанговар ва махсус тайёргарлик билан мукаммал шуғулланишимиз учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда, нафақат шахсан ўзим, балки қўл остимдаги шахсий таркиб билан биргаликда ҳам якка тартибда, ҳам гуруҳ бўлиб тинимсиз меҳнат қиляпмиз. Мақсадимиз жанговар шайлик ва махсус тайёргарлик бўйича энг юқори чўққиларни забт этиш.
Бу учрашувдан, очиқ мулоқотдан жуда катта мотивация олдим. Президентимиз ёшлар учун жуда кўплаб янги ғоя ва ташаббусларни илгари сурдилар. Бу менга янгича фикрлаш, замон билан ҳамнафас бўлиш кераклигини кўрсатди. Эндиликда олдимга яна бир катта мақсад қўйдим. Ўз шахсий таркибимни нафақат анъанавий усулларда халқаро мусобақаларга тайёрлаш, балки ҳарбий соҳада замонавий IT технологиялардан, хусусан, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланишни йўлга қўймоқчимиз. Бугунги замон ҳарбийси ҳар томонлама интеллектуал бўлиши шарт.
Ўзимга келсак, 2017 йилдан буён спортнинг ўқ отиш тури билан мунтазам шуғулланиб келаман. 2019 йилда, ҳали курсантлик давримдаёқ МДҲ давлатлари ўртасида бўлиб ўтган халқаро мусобақада қатнашиб, фахрли биринчи ўринни эгаллаш насиб этганди. Шундан сўнг тайёргарликни тўхтатмадик. Беларусь Республикасида ўтказилган нуфузли мусобақада икки бор ғолиб бўлиб қайтдик.
Келгусида ҳам халқаро майдонлардаги шиддатли беллашувларда сафдошларимиз билан елкама-елка туриб, юртимиз байроғини дунё саҳнида баланд кўтарамиз. Ватанимизга фақат ғалабалар билан қайтамиз!
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири