Ашхободда МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилди
Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Ташкилотга аъзо мамлакатлар бош вазирлари ва ҳукумат делегациялари раҳбарлари иштирок этган тадбирда иқтисодий шериклик, рақамли трансформация, транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Тор ва кенгайтирилган шаклда уюштирилган учрашувлар якунида транспорт, радионавигация, рақамли трансформация ва уран қазиб олиш амалиёти таъсирида қолган ҳудудларни тиклаш йўналишларида тегишли ҳужжатлар имзоланди. Бундан ташқари Минскни 2027 йил, Қарағандани 2028 йил учун МДҲ ёшлар пойтахти деб эълон қилиш қарори тасдиқланди.
МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг кейинги йиғилиши декабрь ойида Москвада бўлиб ўтади.
С.Раҳимов, ЎзА