“Армия остонаси” янги қиёфада
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти– Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ташаббуси билан миллий армияни ҳар томонлама ривожлантириш, ҳарбий хизмат нуфузини юксалтириш ҳамда мудофаа тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнда нафақат ҳарбий қисмлар, балки аҳоли билан бевосита ишлайдиган, ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлашда муҳим ўрин тутувчи мудофаа ишлари бўлимларини замонавий талаблар асосида янгилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Зеро, юрт ҳимоячиларига бўлган юксак эҳтиром, улар учун муносиб хизмат шароитларини яратиш ва ҳарбий соҳада замонавий инфратузилмани шакллантириш давлат раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Бугун мамлакатимизнинг турли ҳудудларида қад ростлаётган янги ҳарбий объектлар, реконструкция қилинаётган мудофаа муассасалари ана шу ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.
Ана шундай эзгу ишлардан бири Бухоро вилояти Ромитан туманида амалга оширилди. Бу ерда туман мудофаа ишлари бўлимининг реконструкция қилинган маъмурий биноси ҳамда чақирув пункти тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Тадбирда туман ҳокимлиги масъуллари, Жанубий-Ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник А. Турсунов, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мазкур бино узоқ йиллар давомида таъмирталаб ҳолатда бўлиб, хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар етарли эмас эди. Давлатимиз раҳбарининг мудофаа соҳасини ривожлантиришга қаратилган сиёсатининг амалий натижаси сифатида Бухоро вилояти ҳарбий-маъмурий сектори томонидан ажратилган 820 миллион сўм маблағ ҳисобидан бинода кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилди ва инфратузилма тўлиқ янгиланди.
Бугунги кунда замонавий меъморий ечимлар асосида барпо этилган мазкур бинода ҳарбий хизматни ташкил этиш учун зарур барча шароитлар яратилган. Навбатчилик хонаси, бошқарув пункти, архив, жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш учун алоҳида хоналар ҳамда хизмат хоналаридан иборат 27 та замонавий хона янги мебеллар, компьютер техникаси ва зарур жиҳозлар билан таъминланди.

Энг муҳими, ушбу маскан нафақат идора сифатида, балки юрт ҳимоячиси бўлиш орзуси билан келган ёшлар учун ҳақиқий ватанпарварлик мактабига айланмоқда. Чунки ҳар бир чақирилувчининг армия ҳақидаги илк таассуроти айнан Мудофаа ишлари бўлими остонасидан бошланади. Замонавий, озода ва барча қулайликларга эга муҳит эса уларнинг ҳарбий хизматга бўлган ишончи ва қизиқишини янада оширади.
Бугун “Армия остонаси” деб эътироф этилаётган ушбу масканда ёшларни Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишга саралаш ва тайёрлаш билан бирга, улар қалбига Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, жасорат, бурчга садоқат ва фидойилик каби юксак фазилатларни сингдиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Тадбир иштирокчилари бинода яратилган шароитлар билан танишар экан, мамлакатимизда мудофаа соҳасини модернизация қилиш, ҳарбий хизматчиларнинг меҳнат ва хизмат шароитларини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо беришди.
Тантанали маросим ҳарбий оркестрнинг ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлари ва фахрий қоровулнинг намунали чиқишлари билан янада кўтаринки руҳда ўтди. Бу чиқишлар тадбир иштирокчиларига миллий армиямиз қудрати, интизоми ва жанговар салоҳиятини яна бир бор намоён этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири